Бугунги кунда об-ҳаво билан ҳамма қизиқади. Одамлар “Бу йил об-ҳаво қандай келаркин, деҳқончиликка, соғлигимизга таъсир қилмасмикан?” деб бот-бот сўрашмоқда. Хўш, 2025 йилнинг ёзи қандай келади? Аномал иссиқлар кузатиладими? Шу ҳақда мутахассислар нима дейди? Жиззах Гидрометеорология маркази агрометеорология бўлими бошлиғи Фарход Зубаевга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик .
—Фарход Рахматуллаевич, кейинги йилларда мамлакатимизда, хусусан вилоятимизда иқлим ўзгариши натижасида об-ҳавонинг меъёридан ортиқ исиб кетиши ҳолатлари ҳақида гапириб берсангиз?
—Ҳаммамизга маълумки охирги йилларда глобал иқлим ўзгариши таъсири остида ер юзида, шу билан бир қаторда республикамиз ҳудудларида ноодатий иқлимий меъёрларга мос бўлмаган иқлимий ҳодисалар тез-тез такрорланмоқда.
Бутун жаҳон метеорология ташкилоти мутахассисларининг берган хулосасига кўра, бунинг сабаблари Эл-Ниньо ва Ла-Ниньо табиий иқлимий ҳодисаси билан боғлиқ эканлигини кўрсатмоқда. Бунда Тинч океани экваториал қисмида сув сатҳи ҳароратининг 1,5 – 2,0 даражага меъёридан юқори (Эл-Ниньо) кўтарилиши ёки шу даражада (Ла-Ниньо) тушиши кузатилади, бунинг натижасида юқори намлик юзага келади, оқибатда циклоник ва антициклоник синоптик жараёнлар юзага келади. Шундай жараёнлардан бири жорий йилнинг апрель ойида кузатилиб ноодатий иссиқ ҳаво вилоятимизнинг барча ҳудудларида қайд этилди. Ўртача ҳаво ҳароратининг иқлимий меъёрлардан 3 – 4 даражага юқори бўлиб, максимал ҳаво ҳарорати 34-37 даражагача кўтарилди, ёғингарчилик меъёридан кам бўлди.
—Май ва июнь, июль ойларида ҳарорат қандай бўлиши кўпчиликни қизиқтираяпти.
— Халқаро об-ҳаво прогнозлар маркази ҳамда Ўзгидрометнинг узоқ муддатли прогнозлар бўлими мутахассислари томонидан минтақамиз, шу жумладан республикамиз ҳудудлари учун ишлаб чиқилган прогноз маълумотига кўра, вилоятимиз ҳудудида май ойи ҳарорати, июнь ойи ҳарорати каби иссиқ бўлиши, кечалари ҳаво ҳарорати 10 – 15 даражадан 13 – 18 даражагача ўзгариб туради, кундузи 28–33 даража атрофида бўлиши кутилмоқда, ёғингарчилик меъёридан кам бўлади. Май ойида энг иссиқ кунлар асосан ойнинг биринчи ва учинчи ўн кунлигида бўлиши кутилмоқда
Ёз ойларида кузатиладиган жазирама иссиқ кунлар асосан Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши билан боғлиқ. Шу даврда Ўзбекистон ҳудудида Марказий Осиё термик депрессияси деб номланувчи синоптик жараён кузатилади. Термик депрессия ёз давомида 2-3 марта кузатилади. Термик депрессияда ҳаво ҳарорати вилоятимизнинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 35–40 даражагача, паст текисликларда 40-45 даражагача, чўл ҳудудларимизда 48–50 даражагача кўтарилиши кузатилади. Термик депрессия жараёнинг давомийлиги июнь, июль ойларида 4 кундан 6 кунгача баъзида 10 кунгача чўзилиши мумкин. Гидрометеорология маркази маълумотига кўра, 2025 йилнинг май, июнь ва июль ойларида Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво анъанавий меъёрларга яқин бўлиши кутилмоқда, аммо айрим ҳудудларда иссиқлик ва қуруқчилик бироз юқори бўлиши мумкин.
Июнь ойида максимал ҳаво ҳарорати 35–40 даража оралиғида бўлиши, қуруқ ва иссиқ кунлар сони ортиши, баъзи ҳудудларда чўл шамоллари (гармсел) кузатилиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Июль ойида максимал ҳаво ҳарорати 38–43 даража оралиғида, ёмғир кам, қуруқлик юқори даражада бўлиши, баъзи ҳудудларда чўл шамоллари (гармсел) кузатилиши кутилмоқда, бу ҳолат айниқса сув танқислиги мавжуд бўлган ҳудудларда қишлоқ хўжалигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳозирги вақтда келгуси ойлар учун прогнозлар тайёрлашнинг ишончли усуллари мавжуд эмаслиги сабабли, уларнинг аниқлиги ўртача 70 -75 фоизни ташкил этади. Юқоридаги берилган об-ҳаво прогнозларини бевосита прогноз эмас, балки маслаҳатомуз деб қабул қилиш лозим бўлади.
Васил ИЛЁСОВ суҳбатлашди.