Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан бугунги кунда фаолият юритаётган судьялар учун том маънода ибрат мактаби бўладиган, ҳалол-пок яшаб одамлар орасида алоҳида ҳурмат қозонган, юксак мартабага эришган суд-ҳуқуқ тизими фидоийларининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган туркум китоблар нашр этиш йўлга қўйилган.
Шундай китоблардан бири – “Матонатли аёл қиссаси”нинг яратилиш жараёнида муаллиф билан биргаликда иштирок этганим, ҳаётий тажрибаси ҳамда донишмандлик насиҳатлари билан ёшларни қўллаб-қувватлаб келаётган 92 ёшни қаршилаган фахриймиз Умсун опа Астанованинг тарихий суҳбати менда жуда катта таассурот қолдирган…
Умсун опа Астанова меҳнаткашлиги, қатъиятлилиги ва матонати билан элу-халқ орасида алоҳида ҳурмат топган, умрининг катта қисмини судьяликдек масъулиятли ва машаққатли касбга бағишлаган, халқ тилида “Умсун суд” деб ном қозонган фахрийларимиздан биридир.
Опанинг меҳнатлари муносиб тақдирланиб, 1984 йилда “Меҳнат фахрийси”, “Меҳнатда ўрнак кўрсатганлиги учун” медали, 1987 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист” унвони, 2005 йилда “Шуҳрат” медали, 2018 йилда “II-даражали Меҳнат фахрийси” ва 2021 йилда “Суд фахрийси” кўкрак нишонлари ҳамда жорий йил “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишонига сазовор бўлдилар.
Умсун опа Астанованинг суҳбатида кўп бўлганман. Опа бугунги кунда салкам бир аср билан юзлашаётган пайтда ҳам ёшликдаги қийинчиликлари, ҳаётий ташвишлари ҳамда машаққат билан эришган ютуқларини сўзлаб берганида, ҳар бир воқеани ипидан игнасигача, иштирокчиларни номма-ном, воқеликларни тартиб билан батафсил айтиб бериши одамни ҳайратга солади.
Китобда Умсун опа Астанованинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда ва суд ҳокимиятини мустаҳкамлашда самарали меҳнат қилганлиги, ўз меҳнат фаолиятини суд-ҳуқуқ тизимига бағишлаб, 1945-2011 йилларда фаррошликдан судьяликкача бўлган фаолиятида нуқсонсиз ва намунали меҳнат қилиб келганлиги, шундан 26 йилдан ортиқ вақт судья сифатида фаолият кўрсатганлиги баён қилинган.
Умсун опа ўзининг ўтмиш ҳаётини эслар экан қуйидагиларни сўзлаб беради: “Ҳаётим бир хил кечмаган. Тақдир мени кўп синовлардан ўтказди. Очлик силламни қуритиб, бир бурда нонга зор бўлган пайтларим бўлди. Болалик ва ўсмирлик чоғларим кемтиклик, айрилиқ, азоб-уқубатлар билан кечди. Худога шукур, кейинги ҳаётимда рўшнолик кунларини ҳам кўп кўрдим.
Чорак асрдан ортиқроқ вақт туман суди раиси бўлиб ишлаган бўлсам, аёллигимни, оналигимни ҳеч қачон ёддан чиқармадим. Ёшлигимда турли- туман кийимлар кийиб ўрганмаганим сабаблими кейинчалик ҳам зеб-зийнату ортиқча хою ҳавасларга кўнгил қўймадим. Одамлардан ажралиб турмаслик учун борига қаноат қилиб кетаверганман.
Суд раиси бўлиб ишлаб юрган пайтларимда ҳам деҳқончиликни канда қилмадим. Ер билан тиллашишни жуда яхши кўраман. Қанийди, ҳозир ҳам ярасам, кучим етса, деҳқончилик қилсам, дейман. Афсус, менинг ёшимда бунинг имкони йўқ. Бир воқеа ёдимга тушди: ўшанда ҳам суд раиси бўлиб ишлардим. Болаларимиз улғайиб қолган, уларни уйли-жойли қилишимизга тўғри келди. Ўзимиз яшаётган жой торлик қилиб қолди. Дам олиш кунларининг бирида хўжайиним билан иккимиз яшаб турган уйимизнинг ёнидан кичкинагина уй қурмоқчи бўлиб, лой қориб, деворларини сувоқ қилаётган эдик. Янги иш бошлаган туман ташкилоти раҳбарларидан бири менга иши тушиб, уйимизга излаб келибди. Лойга ботиб ишлаб ётибмиз. – Умсун аянинг уйи шуми, менга судья опа керак эди, чақириб юборасизми, – деб ўзимдан сўраяпди. Келинг нима гап. Умсун аянгиз менман, десам ишонмайди. – Ҳазиллашманг, Умсун аяни тезроқ чақириб қўйинг, шошиб турибман, кетишим керак, – дейди. Ишонмаганига жаҳлим чиқиб, ишингиз бўлса, айтинг бўлмаса, ишимизга ҳалақит берманг, жўнанг бу ердан, дедим. Жиддий гапирганимдан сергак тортиб, “кечирасиз опа, суд раиси ҳеч қачон лойга ботиб, бунчалик оғир ишларни қилмаса керак, деб ўйлаб, тасаввуримга сиғдира олмадим”, деди…”
Ушбу китобда Умсун опанинг ҳаёт йўллари ифодаланиши билан бир вақтда унинг ёшларга насиҳатлари ҳам келтирилганки, бу бугунги ёш кадрлар учун ҳақиқий ибрат мактабидир. Жумладан, “ҳаётим давомида бошимдан ўтган воқеа-ҳодисалар, кўрган кечирганларим, турфа тақдирларга гувоҳ бўлганларимдан хулоса қилиб айтадиган бўлсам, банда бу дунёнинг ўткинчи ҳою-ҳавасларига учмаслиги керак. Лекин, табиатан кўпчилик инсонлар яхши еб-ичиб, яхши кийиниб, қуйиб берса, шоҳона яшашга мойил бўлишади. Заҳмат кечиб, машаққатли ҳаёт билан кун кечиришни, лоақал борига шукур қилишни истамайди. Бу ҳар бир бандага хос хусусият. Ачинарлиси, айрим одамзот нафсининг қулига айланди. Нафсининг қулига айланиб, ҳоли вой бўлган тақдирларни жуда кўп кўрдим. Судьялик лавозими ҳам шундай касбки, уни йўлдан урадиганлар кўп бўлади. Виждонингиз нафсингиздан устун келса, ҳузур-ҳаловат билан яшаб, ҳамиша юзингиз ёруғ бўлади. Юзи ёруғлик ҳам бу дунёдаги энг катта бойликлардан бири. Сизларга ҳамиша юзи ёруғликни тилайман”, – дейди Умсун Астанова.
Суҳбатларда Умсун опа судьяларга қарата: бугунги кун қадрига етиш кераклигини, жаннатмакон юртимизда ишлаш ва яшаш учун барча шароитлар яратиб берилганлигини, илгари бунақа шароитлар бўлмаганлигини, шунда ҳам оғир вазиятларда ҳам сабр-қаноатли бўлиб, қатъиятни йўқотмасликни, ҳалоллик ва поклик доим улуғланишини уқтиришдан чарчамайдилар.
Умсун Астанова каби ўз соҳасининг чин маънодаги усталари, ҳаётнинг ҳар қандай қийинчиликларида ҳам ўзлигини йўқотмаган, чорак асрдан зиёд судья сифатида фаолият юритиб, бу номга доғ туширмаган, қанчадан-қанча шогирдларининг ҳаётда ўз ўринларини топишга кўмаклашган устозларнинг ҳаёт йўли бугунги кунда амалиётда фаолият юритиб келаётган судьялар ва суд ходимлари учун катта ибрат мактаби ҳисобланади.
Акрам ШУКУРОВ,
Жиззах вилоят суди раиси.