МАЖБУРИЙ СУҒУРТА АМАЛДАГИ НАРХ-НАВОГА МОСЛАНИШИ ЗАРУР

Вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мажлислар залида “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш” мавзуси бўйича суғурта шартларидаги ўзгаришлар юзасидан семинар ташкил этилди. Уни Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси директори ўринбосари Ҳамдам Бобоев олиб борди.

Тадбирда суғурта соҳаси самарадорлигини ошириш, ундаги рақамлаштириш жараёнини тезлаштириш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида амалдаги қоидалар бўйича белгиланган суғурта пули миқдорини ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Мажбурий суғурта барча мамлакатларда транспорт воситалари эгалари томонидан етказилган зарарни қоплаш учун молиявий кафолатларни яратишга қаратилган ижтимоий чора ва йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишнинг молиявий воситасидир. Ҳозирда республикамизда мажбурий суғуртанинг 20 га яқин тури мавжуд бўлиб, улар ичида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тури энг кўп мурожаатлар келиб тушаётган йўналишлардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган фуқароларга тўланадиган суғурта пули миқдори 40 миллион сўмни ташкил этиб, суғурта пулининг 35 фоизи (14 млн сўми) йўл-транспорт ҳодисаси жабрланувчисининг мол-мулкига, қолган 65 фоизи (26 млн сўми) эса жабрланувчининг соғлиғига етказилган зарарни қоплаш учун йўналтирилади.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, мамлакатимизда амалда бўлган суғурта суммаси (3,1 минг АҚШ доллари) Марказий Осиё ва МДҲ давлатларига нисбатан энг паст кўрсаткичлардан ҳисобланади. Масалан, Россияда бу кўрсаткич 9,8 минг АҚШ доллари, Қозоғистонда 21,1 минг доллар, Белорусда эса 22 минг долларни ташкил этади. 

–Амалдаги суғурта жавобгарлиги миқдори 2019 йилда белгиланган бўлиб, бу бугунги кунда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида етказилган зарарни тўлиқ ва ўз вақтида қоплаб бериш имконини бермаяпти, – дейди Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси директор ўринбосари Ҳамдам Бобоев. – Бозор иқтисодиёти тинимсиз ўсиб бориши сабабли маҳаллий ва чет элдан олиб кирилаётган транспорт воситаларининг нархларида ҳам ўсиш кузатилмоқда. Бунинг натижасида  йўл-транспорт ҳодисаларининг ҳам кўпайиб бораётгани кўпчиликка сир эмас. Шикастланган транспорт воситаларини таъмирлаш учун иш ҳақи ва эҳтиёт қисмлар нархлари амалдаги қоидаларда белгиланган суғурта пулига тўғри келмаётганини кўришимиз мумкин.

Шунга кўра, семинарда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган шахсларни яқиндан қўллаб-қувватлаш мақсадида суғурта пули миқдорини 40 миллион сўмдан 80 миллион сўмга ошириш таклифи илгари сурилди. Бунинг натижасида суғурта пулининг 35 фоизи, яъни, 28 млн сўми йўл-транспорт ҳодисаси жабрланувчисининг мол-мулкига, қолган 65 фоизи, яъни, 52 млн сўми эса жабрланувчининг соғлиғига етказилган зарарни қоплаш учун йўналтирилади ва бу орқали жабрланувчиларга етказилиши мумкин бўлган зарарнинг салмоқли қисми қоплаб берилишига эришилади.

Тадбир қатнашчилари ушбу масалалар юзасидан  ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.

 

Юсуф САЙДАЛИЕВ.

Ботир Қудратов (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *