ЖИЗЗАХЛИК ВЕЛОСПОРТЧИЛАР ШОҲСУПАДА

Вилоятимизда велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати баҳслари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Велосипед спорти федерацияси томонидан ўтказилган ушбу нуфузли мусобақа юртимизнинг барча ҳудудларидан йиғилган 200 га яқин иқтидорли ва умидли спортчиларни қамраб олди.

Мусобақада вилоятимиз велоспортчилари анча фаол тарзда иштирок этишди. Жумладан, ёшлар ўртасида 20 километр масофага бўлиб ўтган яккалик пойгаси баҳсларида жиззахлик Мухриддин Сафаров 26 дақиқа, 4 сониялик натижа билан олтин медални қўлга киритди. Маррани ундан бир неча сонияга кечроқ босиб ўтган яна бир жиззахлик спортчи Артур Стрельцов бронза медалига лойиқ кўрилди.

Воҳамиз шарафини муносиб ҳимоя қилганлар орасида шунингдек, 15 км масофага яккалик пойгасида Нозима Эгамбердиева ҳамда худди шу масофа бўйича ўтказилган ўсмир-қизлар баҳсида Гулҳаё Сатторова шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Ёшлар ўртасида ўтказилган 40 километр масофага гуруҳ пойгаларида Артур Стрельцов, Мухриддин Сафаров, Чингиз Чўлиев ҳамда Исломбек Рахматовдан иборат жиззахликлар жамоаси мамлакат чемпионига айланди. Жамоавий эстафета баҳсларида эса воҳамиз жамоаси вакиллари кумуш медални қўлга киритишди.

Юсуф САЙДАЛИЕВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *