МУСОБАҚАЛАР ҲАЛ ҚИЛУВЧИ ПАЛЛАДА

Юртимизнинг турли ҳудудларида бўлгани каби “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” тизимли спорт мусобақалари вилоятимизда ҳам спортни оммалаштириш, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларни катта спортга йўналтириш бўйича мутлақо янги босқични белгилаб берди. Ўнлаб спорт турлари бўйича ўтказилаётган беллашувлар давомида ёшларнинг жисмоний салоҳияти, маҳорати ва рақобатбардошлик даражаси синовдан ўтказилмоқда. Энг муҳими, ушбу мусобақаларда кашф этилган истеъдодли ўғил-қизлар учун профессионал спорт мактаблари ва миллий терма жамоалар сари йўл очилмоқда. Бу эса мамлакатимизда олимпия захирасини шакллантириш, халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган янги авлод спортчиларини тарбиялашга хизмат қилади.

Айни пайтда Жиззах шаҳридаги “Киберспорт арена” ҳамда вилоят олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида мусобақаларнинг 2-босқич — “Ҳоким олимпиадаси” дастури доирасида турли спорт турлари бўйича баҳслар давом этмоқда. Жумладан, стол тенниси учрашувлари ҳам қизғин руҳда ўтди.

Мусобақа давомида теннисчилар яккалик, жуфтлик ва аралаш-жуфтлик йўналишлари бўйича ўзаро беллашиб, юқори маҳорат ва ғалабага бўлган интилишни намоён этди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар спорт мухлисларида катта қизиқиш уйғотди.

Якуний натижаларга кўра, ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда вилоят олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази тарбияланувчиси Отабек Оралов биринчи ўринни қўлга киритди. У аралаш-жуфтлик беллашувларида ҳам фаол қатнашиб, ушбу марказдаги шериги Шодияхон Ҳошимжонова билан бирга чемпион бўлди.

Қизлар ўртасидаги баҳсларда эса спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисолаштирилган спорт мактаби аъзоси Эъзоза Хуразовага тенг келадиган теннисчи топилмади. Эъзоза шунингдек, жуфтлик баҳсларида ушбу мактабнинг яна бир спортчиси Гулзиё Шавкатова билан кучли тандем ҳосил қилиб, яна бир бор мусобақа ғолибига айланганини қайд этиш жоиз.

***

Шунингдек, соҳил волейболи бўйича ўтказилган беллашувлар ҳам ёрқин ва муросасиз лаҳзаларга бой бўлгани билан ажралиб турди. Aйдаркўл соҳил бўйида ташкил этилган мусобақада Зарбдор туман спорт мактаби ўқувчилари юқори маҳорат ва устунлигини намойиш этиб, якунда чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишди.

***

Бадминтон бўйича баҳслар эса иштирокчиларнинг тезкорлиги, аниқ ҳисоб-китоблар асосига қурилган пухта ўйин режаси ва юқори техник маҳорати билан мухлислар эътиборини тортди. Якуний натижаларга кўра, ўғил болалар ўртасида Зомин туман спорт мактаби аъзоси Жасур Омонов, қизлар баҳсида эса Зарбдор туман спорт мактаби тарбияланувчиси Дилдора Шайқулова ғолибликни қўлга киритдилар.

***

Мусобақалар доирасида енгил атлетика ва пара енгил атлетика бўйича дастурлар ёшлар ўртасида иқтидорларни саралашнинг муҳим босқичларидан бирига айланди. Қисқа ва узоқ масофаларга югуриш, сакраш ҳамда улоқтириш дастурларида қатнашчилар нафақат жисмоний тайёргарлик, балки кучли ирода ва ғалабага интилиш борасида ҳам ўз имкониятларини намоён этишди. Айниқса, пара енгил атлетика йўналишидаги чиқишлар спортнинг инсон имкониятларини кенг кўламда рўёбга чиқаришдаги беқиёс аҳамиятини яна бир бор намоён қилди.

Мусобақа ғолиблари республика босқичига йўл олди. Улар диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Бу каби мусобақалар мамлакатимизда спорт ва жисмоний фаоллик тарғиботи йўлида амалга оширилаётган юксак сиёсат самараси ўлароқ ёш авлодни катта спортга элтувчи мустаҳкам кўприк вазифасини ўтамоқда.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *