Аждодларимиз таъкидлашича, ғаллазорни пайҳон қилган кимсанинг косаси оқармас экан. Чунки ғаллазорда минглаб, миллионлаб одамларнинг ризқ-рўзи олтиндай товланиб туради.
Деҳқонларимиз кузда эккан барака уруғи об-ҳавонинг қулай келганлиги ҳисобига тез ниш урди. Қолаверса, ўз вақтида амалга оширилган агротехника тадбирлари, маҳаллий ўғит ва турли минералларнинг маромида берилиши, ғаллазор майдонларининг пайҳон қилинишига, ёнғиндан асрашга қаратилган чоралар туфайли майсаларнинг баравж ривожига замин яратилди.
Жорий йилда вилоятимиз ғаллакорлари 88100 гектар сувли майдонлардан режадаги 240244 тонна донни йиғиштириб олишга бел боғлашган. Жумладан, 15750 тонна уруғли дон ҳам тайёрланади. Воҳамизнинг 2838 нафар фермерлари, 5 та ғаллачиликка ихтисослашган корпорация ва жойларда дон қабул қилиш масканлари мавсумда фаолият кўрсатишади.
2025 йилги ғалла ҳосилини қисқа муддатда нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш учун дон ўриш комбайнларининг созлиги, ўримга шайлиги кўрикдан ўтказилиб, мавсумга пухта ҳозирлик кўрилди. Бу йил вилоятимиз ғаллазорларида 303 та комбайн, 27 та янги замонавий комбайн, 21 та қўшимча техникалар жами 351 та ўрим агрегатлари жавлон уради. Дон масканларига ғаллани ташиш учун 1315 та юк автомобиллари, шунингдек, 61 та тезкор кўчма сервис ва таъмирлаш хизматини кўрсатувчи устахоналар ҳамда 61 та ёқилғи-мой қуйиш агрегатлари ҳозирлаб қўйилди. 149 та ғалла отрядлари тузилди.
Вилоят “Ғалла-2025” штабидан олинган маълумотларга кўра, Дўстлик туманидаги, “Халқобод” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасидаги Абдурашид Худойбердиев раҳбарлик қилаётган “Асал момо” фермер хўжалиги аъзолари вилоятда биринчи бўлиб дон сотиш шартномавий режасини ортиғи билан бажардилар. Режадаги 131 тонна ўрнига 161 тонна дон қабул пунктларига топширилди.
Зоир ЭРГАШЕВ.