КОРРУПЦИЯГА БАРҲАМ БЕРИЛМАС ЭКАН…

Жиззах вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сонли Қарори ижросини ва “Давлат идораларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмаларининг фаолияти самарадорлигини аҳволи ва келгусидаги вазифалари” мавзулари муҳокама этилди.

Йиғилишни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев очиб, мамлакатимизда жорий этилган “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим замирида халқимизнинг тинч меҳнати, етишиб келаётган ёш авлод онгида маданият, одоб-ахлоқ, қонунларга ҳурмат туйғуларининг шаклланиши турганлигини эътироф этди.

Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича таъсирчан тизимни шакллантириш мақсадида профилактика инспекторларининг профессионал малакалаларини мунтазам ошириб бориш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда сўзга чиққан вилоят прокурори Бахтиёр Иброхимов чуқур таҳлилга асосланган ва деярли барча туманларда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий этиш ўрнига, кўзбўямачиликдан нарига ўтилмаётганлигини аниқ рақам ва мисоллар билан далиллади.

Жумладан, барча туманлар марказлари, йирик аҳоли пунктларида ёритиладиган йўл ва йўлаклар қурилиши белгилаб берилганлигига қарамай, ишлар ўлда-жўлда бажарилган. Йўллар нотекис, пиёдалар йўлаклари қурилмаган, тунги ёритиш воситаларини ўрнатиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Вилоят прокурори йиғилиш қатнашчилари эътиборини кўча ва аҳоли гавжум жойларга кузатиш камералари ўрнатиш масаласига қаратиб, бу ишлар билан ҳеч ким шуғулланмаётганлигини таъкидлади. Биргина мактабларга 2000 та кузатиш камералари ўрнатилиши лозим эди. Бу вазифа ҳатто 5 фоизга ҳам етказилмади. Ҳолбуки, олиб борилган прокурор текширишларида “камералар ўрнатилди” деган сохта ҳужжатлар тайёрланиб, айрим мутасадди ходимлар бу ишларни зиммаларидан соқит қилиб қўйганлиги маълум бўлди.

– Давлатимиз раҳбари қабул қилган қарорни бажармасликка ёки зиммаларига юклатилган вазифаларни чала бажариб, уларнинг бажарилганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрланишига йўл қўйиб берган ҳокимлар, прокурор ва ИИб раҳбарлари қандай қилиб хотиржам юрган экан?! –деди вилоят прокурори Бахтиёр Иброхимов.

Вилоят прокурори вилоятдаги коррупцион вазиятга ҳам баҳо бериб, олиб борилаётган кураш самара бермаётганлигини ва қатъий чоралар кўрилиши зарурлигига урғу берди.

Йиғилишда сўзга чиққан вилоят ИИБ бошлиғи генерал майор Ғайрат Қодиров ҳам профилактика инспекторлари фаолиятига танқидий ёндашиб, маҳаллаларда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар камаймаётганлигини айтиб ўтди.

“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида хавфсиз муҳитни яратиш механизми бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижасида жорий йилнинг ўтган даврида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда ижтимоий профилактика борасида белгиланган устувор вазифалар ижросининг аҳволи ва йўл қўйилаётган камчиликларга нисбатан муросасиз чоралар кўрилаётганлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

– Ҳозирги пайтда ИИБ томонидан “Маҳалла еттилиги”нинг фаолиятини онлайн мониторинг қилиб борилмоқда, -деди вилоят ИИБ бошлиғи, генерал майор Ғайрат Қодиров. – Бу бизга маҳаллалардаги вазиятни чуқур таҳлил қилиш ва чора кўриш имкониятини бермоқда.

Йиғилиш сўнгида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев вилоятдаги коррупцияга қарши кураш масаласига яна бир бор тўхталди.

– Қурилиш, соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими, банк соҳалари раҳбарлари бугунги танқидий-таҳлилий йиғилишда айтилган гаплардан жиддий хулоса қилишлари лозим. Коррупция ҳолатларига барҳам берилмас экан, унда хулосани биз берамиз, -деди вилоят раҳбари.

 

Асад МУСТАФОЕВ.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *