Ёзги оромгоҳлар болаларнинг нафақат дам олишини таъминлайди, балки уларнинг соғлом ва интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Ана шу мақсадда Фориш туманида жойлашган “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Зангори олов” ёзги оромгоҳи ҳар йилги анъанани давом эттирган ҳолда ўз фаолиятини бошлади.

Оромгоҳнинг биринчи босқичида компания тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг 150 нафар фарзанди маданий хордиқ чиқариш учун ушбу масканда жам бўлишди.

– Оромгоҳда болаларнинг мароқли ва хавфсиз дам олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хоналар замонавий қулайликларга эга, соғлом овқатланиш, тиббий кузатув, спорт ва маданий тадбирлар мунтазам ташкил этилмоқда. Болалар учун психологик машғулотлар, ижодий тўгараклар ва интеллектуал ўйинлар ҳам йўлга қўйилган. Бундан ташқари, маданий дастурлар доирасида театр томошалари, концертлар, викториналар ва саҳналаштирилган чиқишлар орқали болаларнинг ижодий салоҳияти ривожлантирилмоқда. Спорт машғулотлари – футбол, волейбол, сузиш ва жисмоний фаолликка йўналтирилган ўйинлар орқали болаларнинг саломатлиги мустаҳкамланмоқда, – дейди “Ҳудудгаз Жиззах” ГТФ Бошланғич касаба уюшмаси раиси Қўлдош Ҳасанов.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ушбу ташаббус орқали ходимларнинг фарзандларини соғлом вояга етиши йўлида ўз хиссасини қўшишни режа қилган. Келгуси ҳафталарда иккинчи ва учинчи босқичлар доирасида яна юзлаб болаларни оромгоҳ ўз бағрида кутиб олади.