ЎЗБЕКИСТОН  ЖАҲОН  ЧЕМПИОНАТИДА

Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ Янги Ўзбекистоннинг янги тарихи ҳар соат, ҳар  онда зарҳал ҳарфлар билан ёзилмоқда. Футболимиз тарихида янги саҳифа очилди. Осиё қитъасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг 9-турида Ўзбекистон терма жамоаси БАА термасига қарши 0:0 ҳисобида дурангга эришиб, мамлакат тарихида илк маротаба Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ҳукумат аъзолари, спортимиз мутасаддилари, ота-оналар, мураббийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, соҳа фидойилари томонидан Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари тантанали кутиб олинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.

Президентимиз Фармонига биноан Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ва мураббийларидан бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак мукофотлари —“Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони, “Фидокорона хизматлари учун”, “Дўстлик”, 11 даражали “Саломатлик” орденлари, “Соғлом турмуш” ва “Шуҳрат” медаллари билан тақдирландилар.

Ушбу ғалаба барча юртдошларимиз қалбини фахр-ифтихорга тўлдирди. Дарҳақиқат, бугун юртимизда катта байрам. Бугунги кунда ҳар бир ўзбекистонлик футболчиларимиз билан фахрланмоқда. Уларнинг дил сўзлари билан танишинг:

— Мамлакатимизда барча соҳаларда улкан ўзгаришлар бўлаяпти,—дейди вилоят “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари, меҳнат фахрийси, “Дўстлик” ордени соҳиби Нуриддин Нурматов.— Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамологида футболни ривожлантириш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилди. Айниқса, ёшлар ўртасида футболини оммалаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш натижасида сўнгги йилларда U-17, U-20 ва U-23 терма жамоаларимиз Жаҳон чемпионатлари ва Олимпиадага чиқишдек юксак натижаларга эришди. Яқиндагина U-17 Осиё кубоги мусобақасининг финал баҳсида Ўзбекистон терма жамоаси Саудия Арабистони терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлганди. Улкан ютуқдан барча юртдошларимиз қалби фахр-ифтихорга тўлганди ўшанда. Бугун эса узоқ йиллик орзумиз ушалди. Миллий терма жамоамиз Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга бўлди. Бу улкан тарихий воқеа, улкан ютуқ муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзоларига табрик йўлладилар.  Юртбошимиз табригида шундай дейилади: “Аминман, бу тарихий ютуқ халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада бирлаштиради, минг-минглаб ёшларимиз учун илҳом манбаига, ибрат тимсолига айланади, Янги Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини янада оширишга хизмат қилади.

Сизлар футбол майдонларидаги мана шундай шонли ютуқдан янги куч ва руҳ олиб, келгуси йили АҚШ, Мексика ва Канада давлатларида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг биринчи ва ягона вакили бўлишдек юксак шарафни чуқур ҳис этган ҳолда, янада катта жонбозлик кўрсатасизлар, деб ишонаман”.

Мен ҳам ўзбек футболчилари 2026 йилги АҚШ, Мексика ва Канада яшил майдонларида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишларига ишонаман. Ғалабаларингиз бардавом бўлсин!

—2025 йил юртимиз футбол олами учун муваффақиятли онларга бой ўтмоқда,—дейди яна бир юртдошимиз, Жиззах футбол академияси мураббийи  Ифтихор ОРИНОВ.—Дастлаб терма жамоамизнинг ёш ва умидли аъзоси Абдуқодир Ҳусанов дунёнинг энг нуфузли клубларидан бири бўлмиш “Манчестер Сити” билан шартнома имзолади.  Инглиз жамоаси сафида февраль ойининг энг яхши футболчиси деб топилган юртдошимиз аста-секинлик билан таркибнинг асосий ўйинчиларидан бирига айланиб борди. Кейинчалик U-17 жамоамиз Саудия яшил майдонларида ўтказилган Осиё кубогини забт этиб, яна мухлисларимизга чексиз қувонч улашди. Ўсмирларимиз мусобақа чемпиони бўлиш билан бирга ушбу ёш тоифаси бўйича жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳам қўлга киритди.

Дарҳақиқат, бу каби ютуқлар Ўзбекистон футбол тарихи зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан битилиши шубҳасиз. Бироқ бир савол бор эдики, доимгидек миллионлар ўйинига бефарқ бўлмаган ўзбек мухлисини бирқур ўйлантириб ўтса: миллий терма жамоамиз қачон жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилар экан-а?! Бир неча кун илгари содир бўлган қувончли тарихий воқеликдан сўнг эса ниҳоят футболчиларимиз  ушбу оғир масъулиятли вазифанинг уддасидан чиқишди. Энди биз ҳам жаҳоннинг энг кучли жамоалари қаторида мундиал бош соврини учун кураш олиб борадиган бўлдик. Бу ютуқ билвосита ҳар бир миллатдошимизга тегишли десак, янгилишмаймиз аслида. Ҳар бир хавфли зарба чоғида қулоғи радиода, кўзи экранда бўлган ота, ҳар бир ҳиссиётли шарҳдан сўнг кўзига ёш олган она, якуний ғалабадан сўнг кўчага мамнун отилган болакай – бу муваффақият бутун ўзбек миллати учун унутилмас совғага айланди. Бу натижа шунчаки спортимиз ғалабаси эмас – бу асрий орзунинг амалга ошиши, юртимиз футбол тарихида янги давр бошланганининг рамзидир.

Энди эса олдиндаги вазифа янада масъулиятлироқ, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида муносиб тарзда иштирок этиш талаб этилади. Аммо айни кунларнинг гўзал ҳадяси шундаки, асрий орзумиз ҳақиқатга айланди! Футбол байрами муборак бўлсин, юртдошлар!

Васил ИЛЁСОВ,

Юсуф САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *