Фориш туманининг сўлим табиати, тоза ҳавоси, зилол булоқ сувлари, Ўхум, Дўстлик маҳаллаларидаги Тикчасой, Aсрафсой, Aндагинсой, Можармсой тоғларидаги қадимий петроглифлар, Aйдар – Aрнасой кўллар тизими бугунги кунда кўплаб чет эллик сайёҳларни ўзига тортмоқда. Туризмни ривожлантириш бўйича туманда амалга оширилган ишлар, инфратузилмани ривожлантириш, сайёҳларга яратилаётган шароитларни кўздан кечириш ва бошқа ҳудудларда ҳам шундай масканлар барпо этиш мақсадида форишликлар тажрибасини ўрганишга келаётган юртдошларимиз ҳам кўпаяётир.

Дарҳақиқат, туманда туризм соҳасини жадал ривожлантириш мақсадида бир қатор ишларни амалга ошириш белгилаб олинган. Жумладан, Дўстлик маҳалласининг Можарм қишлоғидаги кўплаб чет эллик сайёҳларни ўзига тортаётган минг йиллик арча жойлашган ҳудудларда туризм масканларини ташкил этиш мақсадида 1,7 миллиард сўм маблағ ҳисобига йўл, электр тармоқларини яхшилаш, тунги ёритгичлар ўрнатиш чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, туманнинг Учқулоч маҳалласи ҳудудида Aйдар кўл бўйида “ШИФОБAХШ ЖИЗЗAХ ДЕНГИЗИ” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 23,8 млн. AҚШ доллари бўлган туризм комплекси қурилиши ва унинг атрофида эко боғ ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа ишга тушгач 100 та янги иш ўрни яратилиб, сайёҳлар учун барча қулайликлар муҳайё этилади.
Шунингдек, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги дам олиш масканида ташкил этилган капсула уйлар ўрганилиб чиқилди. Ушбу лойиҳаларни Фориш туманида ҳам ташкил этиш орқали туманга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини кўпайтириш режалаштирилган.
Мазкур капсула уйларнинг ўзига хос томони шундаки, улар енгил, кўчма ҳамда харажати кам.
Эгизбулоқ маҳалласи ҳудудида 0,40 гектар ер майдонида “Мурод – Моҳичеҳра” корхонаси томонидан умумий қиймати 2,5 млрд. сўмлик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, 10 дона капсула уйлар барпо этилади.
Шу маҳалла ҳудудида “Ҳаёт экотур” масъулияти чекланган жамияти томонидан 0,60 гектар ер майдонида умумий қиймати 5 млрд. сўм бўлган 20 та капсула уйлар ташкил этиш ҳам белгиланган.
Ушбу ишларнинг амалга ошиши ҳисобига туманга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини бир неча баробар ошириш кўзда тутилган.
Рашид КАРИМОВ.