ЁШ ҲУҚУҚШУНОСЛАР САРАЛАНДИ

Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, улар эришаётган натижаларни тарғиб қилиш ва қўллаб қувватлаш мақсадида «Ёш ҳуқуқшунос» республика кўрик-танлови ҳудудларда бўлиб ўтмоқда. Жиззах шаҳридаги «Ёшлар инновацион маркази» биносида танловнинг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди.

Вилоят ИИБ, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда Мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган танловда шаҳар ва туманлар босқичи ғолиблари иштирок этишди.

“Ёш ҳуқуқшунос” танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра, ҳар бир иштирокчига 20 та она тили ва адабиёт, 20 та Ўзбекистон тарихи ҳамда 60 та ҳуқуқ фанидан тест саволлари берилди. Ҳақиқий билимлар синовида ёшлар яна ҳам чиниқишди. Улар орасидан энг юқори балларни тўплаганлар сараланди.

Якуний натижаларга кўра 14-17 ёшлилар ўртасида 1-ўрин янгиободлик Рухшона Зокиржоновага, 2-ўрин пахтакорлик Дилнура Сирожиддинова ҳамда 3-ўрин арнасойлик Насиба Рўзиевага насиб этди.

18-30 ёшлилар ўртасида 1-ўринга Янгиобод тумани иштирокчиси Гулсевар Шайимқулова, 2-ўринга Жиззах шаҳридан Жавоҳир Муродов ҳамда 3-ўринга Пахтакор туманидан Дилшод Содиқов муносиб деб топилди. Ғолибликни қўлга киритганлар ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. 1-ўринни эгаллаган ёшлар танловнинг республика босқичида иштирок этишади.

Келажак авлодни ватарпарварлик руҳида тарбиялаш, Она-ватанга бўлган муҳаббатини юксалтириш, ўқувчиларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва китобхонликни тарғиб қилиш йўлида шу каби танловларнинг самараси катта.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *