Янги йил болажонларнинг энг севимли байрами. Айниқса ҳар йили ўтказиладиган “Президент арчаси” тадбири ҳамда Президентимиз совғалари топширилишини кичкинтойлар интиқлик билан кутадилар.
Вилоят мусиқали драма театрида ташкил этилган бу йилги “Президент арчаси” тадбирига ҳудуддаги оилавий болалар уйларининг тарбияланувчилари, чин етимлар, васийлик ва ҳомийликка олинган болалар, хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фарзандлари ҳамда ногиронлиги бўлган ўғил-қизлар таклиф этилди. Юртбошимизнинг келажагимиз эгаларига кўрсатаётган меҳр-эътибор ва ғамхўрликлари ҳамда мамлакатимиздаги болажонликнинг ёрқин ифодасини ўзида намоён этган тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев иштирок этиб, болажонларни Янги йил билан табриклади. Ўқишларига омад тилар экан, уларни янги ва юксак марраларни забт этишга ундади. Уларга “Президент совғалари”ни топширди. Ўқув қуроллари ва ширинликлардан иборат туҳфадан ўғил-қизларнинг кўнгли шод бўлди.

–Янги йил менга катта қувонч ва бахт олиб келган энг ажойиб байрам, –деди Хайробод маҳалласида истиқомат қилувчи Зиёда Инатова. – Чунки мен Янги йилни кўп йиллар болалар уйида кутдим. Энди эса менинг ўз оилам бор. Давлатимиз биздек оилаларга доимо эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келаётганидан хурсандмиз. “Президент арчаси”га таклиф этишди, унда Юртбошимиз бизга юборган ўқув қуроллари, соат, турфа ширинликлар ва китоблардан иборат Янги йил совғаларини олдик. Бундан дилимиз қувончга тўлди. Президентимизга катта раҳмат айтаман.
Вилоятдаги 411 нафар болага мўлжалланган “Президент совғаси” таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 24 турдаги ўқув қуроллари, 34 хилдаги ширинликлар ва бошқа совғалар киритилган.
Тадбирнинг асосий қисми мўъжизавий байрам дастури билан янада файзли бўлди. Қорбобо ва Қорқиз иштирокидаги саҳна кўринишлари, вилоят мусиқали драма театри ҳамда вилоят қўғирчоқ театри жамоасининг янги “Вақт ўғриси” эртак-спектакли намойиши болажонларга олам-олам завқ улашди. Иқтидорли ўғил-қизларнинг шўх қўшиқ, тарона ва рақслари барчага шодлик ва ҳаяжон, кўтаринки кайфият бағишлади.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган суратлар.