ХАССОС ПУБЛИЦИСТ ЭДИ

Яхши кўрган ўйинчоғини кўчадаги болалар синдириб қўйганда бола ҳовлисига кириб, бобосига кўзи тушди-ю, мурғак қалбидаги фожеани шу инсон тушунишини ҳис этиб ҳўнграб йиғлаб юборди.

— Қўзичоғим, орқа тоғим! Нега йиғлаяпсан, биров хафа қилдими? –бобоси болани овутиш учун бошини силади. — Айт-чи ким сени хафа қилди?

Бола қўлидаги синган ўйинчоғини бобосига кўрсатди-ю, яна йиғлаб юборди. У энтикиб-энтикиб йиғларди.

Инсон ўзи учун азиз бўлган нарсалар, одамлардан айрилганида шундай  ғам чекади, агар катталар ҳам гўдаклардай йиғлай олганида фарёди оламни тутган бўларди.

Биз ўтган асрнинг 70-80 йилларида Саидмурод Норбоев, Келдиёр Жўрақулов, Асад Каттабеков, Саттор Қорабоев каби журналистларнинг очерк, лавҳаларини ўқиб улғайганмиз. Улардай ёзишни орзу қилганмиз.

Тақдир тақозаси қаранг-ки, “Жиззах овози” газетасига ишга келсам Саидмурод Норбоев шу даргоҳда ишлаётган экан, жуда хурсанд бўлдим. Ёзган нарсаларимни унга кўрсатиб, маслаҳатини олардим.

Жимитдай чойнакчаси бор эди. Ўшанга чой дамлаб берсам алқаб қоларди. Кўпинча чўнтагига ўрик туршагидан солиб юрарди, ўткир юрак хуружини ўтказгани учун шундай неъматларни кўп истеъмол қиларди. Туршакдан 1-2 тани оғзига солиб, тамшаниб юрарди.

Юқорида таъкидлаганимдай Саидмурод Норбоевнинг чўл шунқорлари – пахтакорлар, чўпонлар ҳақида ёзган лавҳаларини мириқиб ўқирдик. Гоҳида ҳамкасблар билан унинг маҳорати, асарининг қандай қилиб муваффақиятини таъминлай олгани ҳақида фикрларимизни айтишдан тийилмасдик. Ҳамон эсимда у яйловда бир чўпоннинг ўтовида тунаш учун қолади. Ярим тунгача қозоқ чўпон билан гулхан атрофида суҳбат қуради.

— Ўтов тўрида дўмбира осиғлиқ турганига кўзи тушди. Ўзингиз чаласизми? –деб сўрайди Саидмурод ака чўпондан.

— Ҳа, дўмбира чала олмайдиган қозоқ бўлмаса керак…

Лавҳада чўпон ўтовдан дўмбирани олиб чиқиб бир-иккита куй машқ қилади. “Дунёда дардсиз, армонсиз юрак бўлмаса керак. Чўлни қадамба қадам кезиб юрган шу чўпоннинг ҳам тоғдай дарди бор эканки, ўша дардинини бармоқлари билан дўмбирага сўйламоқда. Дўмбири эса оҳанг бўлиб уни чўлу-биёбонга тарқатмоқда” деб ёзган эди устоз.

Энди ўйлаб кўрсам Саидмурод ака бор ҳақиқатни ўзи кўриб, тинглаб кейин мақола ёзишга ўтирган. Биз эса кўпинча тасаввуримиз орқали қаҳрамонимиз суръати ва сийратини яратишга ҳаракат қиламиз. Шунинг учун ҳам ёзган нарсаларимиз ҳақиқат ва хаёл ўртасида қолиб кетади, газетхон истаган ташбеҳларни ижод қилолмаймиз.

Саидмурод аканинг сўнгги кунлари аламли ўтди. Мен бу сатрларни ёзар эканман кимнидир айбдор дейиш фикридан йироқман. Лекин унга ариза бериб ишдан бўшашни таклиф қилганларида севимли ўйинчоғини тенгдошлари синдириб қўйган гўдакдай ҳис этди ўзини. У дунёга сиғмай қолганди, таҳририят ҳовлисига чиқиб у ёқдан бу ёққа юрар, жисмини оғир юк, бир дунё алам босиб тургандай ҳис этарди. Мен бориб қўлидан ушладим ва хонага бошладим. Чой қуйиб, озроқ “кийик ўти” қўшиб дамладим. Икки пиёла аччиқ кўк чой бир оз ҳовурини босгандай бўлди.

— Устоз кўп куйинаверманг, ариза ёз дегани кет дегани эмас-ку. Муҳарриримизни яхши биласиз, жаҳл устида бир гапни айтиб қўйиб, кейин ўзи ўйланиб юради шу одамни ноҳақ хафа қилиб қўйдим деб. Керак бўлса ҳозир чиқиб ўзим гаплашаман, – дедим.

— Керак эмас, журналистика кўчасидан ўтмаган бир-иккита чаласаводларнинг гапи билан ишдан бўшаётганим алам қилади. Бундай тақдир ҳамма кекса журналистларнинг пешонасига ёзилганга ўхшайди, -деган устоз маҳзун жилмайиб қўйди. Ўша жилмайиши ҳеч кўз олдимдан кетмайди.

У кетди. Узоқ йиллар остонасини эъзозлаб босган таҳририят биносига охирги марта нигоҳ ташлади-ю, худди оёғи остидаги йўлак ҳам омонотдай қадам ташларди. Уни биз шогирдлари кузатиб қўйдик. Бошқалар эса дераза ойналаридан кузатиб туришди. Муҳаррирга мудом ёмонлаб кирганлар “У шунчай ил меҳнат қилди, жамоани йиғиб ҳурматини жойига қўйиб кузатайлик” демади, битта чопон, битта дўппини аяшди.

Орадан кўп вақт ўтмай у бу оламни тарк этди. Лекин туманларга борганимда юзлаб одамлар устозларни ёдга олишади. Айниқса Саидмурод Норбоев билан қилган суҳбатларини сўзмасўз хотирлаганларида ҳайратга тушаман. Демак, яхши инсон ҳеч қачон ўлмас экан, у ўзига ўхшаш ажойиб одамлар қалбида яшаётган бўлади.

Асад МУСТАФОЕВ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *