Бугунги куннинг аччиқ хақиқати

Мен бу мақолани ёзганда кўнглимда бир савол туғулди: “Нега энди барча нарса экран ортида қолдими?” Авваллари онам айтгандилар: улар болаликда эрталаб уйғонишлари билан кўчага чиқишар, дўстлари билан учрашиб, турли ўйинлар ўйнашарди. Қизлар қўғирчоқбозлик, ўғил болалар тўп суришар, арқан тортишар экан. Улар юзма-юз гаплашишар, кулишар, ҳатто урушиб, кейин яна ярашишар экан.

Ҳозирчи-чи? Биз кўпроқ телефонда бўламиз. Уйда бўлсам, қарасам, ҳаммамизда телефон. Отам интернетда, онам рецепт қараяпти, мен эса мультфильм кўряпман ёки ўйин ўйнаяпман. Дўстларим билан ҳам экран орқали гаплашаман. Ҳақиқий дўстим борми? Билмайман…

Мен Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шахзода” китобидан ўқиб қолдим: “Энг муҳим нарсаларни кўз билан кўра олмайсан, улар юрак билан сезилади.” Бу гапни ўқиб ўйлаб қолдим. Ҳақиқатан ҳам, юрак билан ҳис қилиш, бирга кулиш, юзини кўриб гаплашиш жуда муҳим экан.

Кўчада ўйнаб юрган вақтларимни соғинаман. Ойим телефонни олиб қўйганда аввалига хафалик, лекин кейин дўстларим билан бирга ўйнаб, вақтни қандай яхши ўтказганимни ҳис қиламан.

Мен хоҳлардимки, ҳамма болалар экрандан кўпроқ узоқлашиб, ҳақиқий ҳаётда кўпроқ ўйнашсин, кулишсин, дўстлар топишсин. Чунки болалик бир марта келади. Уни экранда эмас, ҳаётнинг ўзида яшаш керак.

Бефарқлик оқибати

Бугунги кунда жамиятимиздаги энг жиддий муаммолардан бири – бу бефарқликдир. Одамлар бошқаларнинг дардига, оғриғига, ҳатто ҳаётига нисбатан бефарқ муносабатда бўлаётгани ҳаётда кўплаб оғир оқибатларга олиб келмоқда.

Яқинда интернетда кўрган расм юрагимни ларзага солди. Бир одам сувда чўкаётган, атрофдагилар эса унга ёрдам бериш ўрнига, телефонига олиб видеога тушираётган экан. Ушбу ҳолат жамиятимиздаги бефарқлик муаммосини аниқ ифодалаб турибди.

Мен 13 ёшдаман. Лекин бу каби ҳолатларни кўриб, ўйлаб қоламан: агар инсон бошқаларнинг оғриғини ҳис қила олмаса, у қандай қилиб ҳақиқий инсон бўла олади? Ҳақиқий инсон – меҳрибон, ёрдамга тайёр ва бошқаларнинг ҳолидан хабардор бўладиган инсондир.

Бефарқлик – жамиятнинг энг катта душмани. Агар ҳар ким “менга тегишли эмас” деб қараса, бир-биримизни йўқотамиз. Меҳр, оқибат, инсоф ва ёрдамга интилмасак, келажагимиз ҳам соғлом бўлмайди.

Биз, ёш авлод, шунга кўз юмиб яшамаслигимиз керак. Ҳар бир инсонга нисбатан масъул эканимизни англашимиз шарт. Ёрдам бериш, меҳр кўрсатиш – бу бахтнинг калити.

Юрагимиз очиқ, қўлларимиз ёрдам учун тайёр бўлсин. Чунки экранга ёзиб олиш эмас, инсонни қутқариш – ҳақиқий жасорат ва инсонийлик белгисидир.

 

Жўрабоева Солиҳа Жамол қизи,

Ш. Рашидов тумани, 31-умумий ўрта таълим мактаби 6-синф ўқувчиси

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *