Зомин туманидаги “Юлдузча” оромгоҳида “Иқтидорли авлод” ёзги болалар дастури доирасида “Ўзбекистон болалар ташкилоти билан таътилни мароқли ўтказинг” шиорида маънавий, маданий, кўргазмали тадбир ташкил этилди. Унда вилоятимиздаги турли олий таълим муассасаларида, умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган, айни кунларда таътилда бўлган талабалар ва ўқувчилар, туман маҳаллаларидаги истеъдодли ёшлар иштирок этишди.
Оромгоҳ ҳудуди миллий қадриятларимиз акс этиб тургувчи ҳунурмандчилик жиҳозлари билан безатилди. Китоблар ҳамда расм кўргазмалари қатнашчиларни самимий ва мулоҳазали суҳбатларга чорлади. Кашфиётчи ёшлар томонидан тақдим этилган техник лойиҳалар намунаси, қизиқарли спорт мусобақалари, заковат интеллектуал ўйинлари, мусиқий дам олиш соатлари барча қатнашчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Шу ўринда айтиш жоизки, 30 июнь — Ёшлар кунида Юртимизнинг келажак авлод вакиллари билан бўлган учрашувда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларга оид ислоҳотларни халқаро ҳамжамият ҳам кенг эътироф этаётганлиги фахр билан таъкидланди. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига киритилганлиги айтилди. Қолаверса, “Мамлакатимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини кўз қорачиғидек асрашда сиз, азиз ёшларимизга таянамиз. Унутманг: мустақиллик – бу шунчаки расмий мақом эмас, балки ҳар бир ёшга ўз тақдирини ўзи белгилаш имконини берадиган буюк неъмат”, — дея ишонч билдирди муҳтарам Юртбошимиз.
Тадбир сўнгида Ўзбекистон болалар ташкилоти масъуллари томонидан кўргазма ва мусобақаларда фаоллик кўрсатган ёшлар ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирланишди.
Гулчеҳра ХИДИРОВА