Қайси касб эгаси бўлмайлик, имкон ва шароитимиздан келиб чиқиб, китоб билан муайян даражада мулоқотда бўламиз. Ўлчовли ҳаётимизнинг маълум бир қисмини шунга сарф қиламиз. Аммо қандай китоб ўқиш, унинг таъсир ва оқибатлари, умуман, нега китоб ўқиймиз, шулар ҳақида барчамиз ҳам чуқурроқ ўйлаб кўрмаймиз.
Мамлакатимиз раҳбарининг китоб, китобхонлик маданиятини яхшилаш тўғрисида куюниб гапираётганликларининг чуқур фалсафаси бор албатта. Биринчидан, китоб инсонни ердан кўкка кўтарувчи, унинг маънавий қувватини оширувчи буюк куч ҳисобланади. Иккинчидан, китоб инсониятнинг тарихий хотираси, барчамизни ўз маънавий-маърифий, илмий заминимизни мустаҳкамловчи, келажакни ёрқин кўрсатиб боришга қодир машъала ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бизнинг юртимизда илм олиш, китоб ёзиш, ижод қилиш ҳар доим ҳам миллатнинг мавжудлиги ва у нимага қодир эканлигини кўрсатувчи муқаддас тушунчалар ҳисобланади. Арасту ҳакимдан Абу Али Ибн Синога, Афлотундан-Абу Райҳон Берунийгача, Жалолиддин Румийдан- Алишер Навоийгача, Соҳибқирон Амир Темурдан-Муҳаммадшариф Гулханийгача юзлаб, минглаб мутафаккирларнинг шаклланиши, дунёга танилиши, замонлар ошсада аҳамияти йўқолмайдиган тадқиқоту кашфиётлари фақат ва фақат китоб орқали юз берди. Уларнинг бугунги авлод томонидан чуқур ўрганилиши, улар илмий-маърифий бисотига бот-бот мурожаат қилишнинг сабаби ҳам мутафаккирларимиз томонидан яратилган китоблар сабаблидир.
Бу борада Зарбдор туманида ҳам китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ёшларни китобга қизиқтириш, нафақат ёшлар, балки туманнинг катта ёшли инсонларини ҳам китобга жалб этиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Бу борада туман ахборот-кутубхона марказининг алоҳида ўрни бор. Аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш, ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу эса, ахборот-кутубхона фаолиятига, китобхонларга хизмат кўрсатиш, жавонларни тўлдириш ва сақлаш, кутубхона жараёнларини автоматлаштириш, илмий-тадқиқот ва ташкилий-услубий фаолият, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва рағбатлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга жиддий таъсир кўрсатиш имконини беради.
Дарҳақиқат, ахборот-технологияларидан самарали фойдаланиш ва бу борада кутубхона ходимларининг малакаларини ошириш замон талабига айланиб бормоқда. Шу аснода китобхонларнинг интернетдан, ахборот-технологияларидан тўғри ва аниқ фойдаланиши бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Ёшларнинг китоб мутоаласини оширишда нафақат қўлёзма шаклидаги китоблар, бугунги замон талабига мос келадиган электрон-QR кодли китоблар ўқувчиларда ҳам ўзгача қизиқиш уйғотади. Қўлёзма шаклидаги адабиётларни излашда қийинчиликка эришилмаслиги учун QR кодли китобларнинг мунтазам йўлга қўйилганлиги ҳам китобхонларнинг китоб мутоаласини оширишга ҳамда кутубхоначи ходимларнинг иш фаолияти коэффициентини ҳам оширишга ёрдам беради. Кутубхонамизда фақатгина иш фаолияти давомида китобхонларга хизмат кўрсатиш эмас балки улар билан бирга адабий тадбирлар, адабий кечалар, учрашувлар, семинарлар уюштирилмоқда. Бу каби тадбирлар фақатгина кутубхоналарда эмас, маҳаллалар ўртасида ҳам олиб борилмоқда. Маҳалладаги китобхонлар ўртасида “Энг яхши китобхон маҳалла”, “Энг яхши китобхон оила”, “Она ва бола китобхон” кўрик-танловларининг ҳам йўлга қўйилгани маҳаллалараро иш фаолиятининг яққол мисоли сифатида намоён бўлади.
Албатта буларнинг бари келажагимиз пойдевори бўлмиш ёшларни китоб ўқишга бўлган муносабатини яхшилаш учун қилинаётган ишлар сирасига кириб ҳозирда бу ишлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Чунки барчаларимиз биламизки, итальян олими француз файласуфи Дени Дидро айтганидек: “Одамлар ўқишдан тўхташлари билан фикрлашдан ҳам тўхтайдилар”.
Нилуфар НОРМУРАТОВА,
Зарбдор тумани ахборот-кутубхона марказининг фондларни
тўлдириш, сақлаш ва уларга ишлов бериш хизмати мутахассиси.