ЁШЛАР МАЪНАВИЯТИ – ЭНГ ИШОНЧЛИ ҚАЛҚОН

Мамлакатимизда экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, ёшлар онги ва қалбини турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Юртбошимизнинг 2021 йил 1 июлдаги “2021–2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан йўлга қўйилган стратегия бу борадаги ишларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Стратегияда ёшлар орасида радикаллашувнинг олдини олиш, профилактик ва маърифий тадбирларни кучайтириш белгилаб қўйилган. Айни пайтда жойларда олиб борилаётган тарғибот ишлари ана шу вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган.

2 февралдан 13 мартга қадар вилоятимизнинг барча умумтаълим муассасаларида кенг қамровда ўтказилаётган тарғибот тадбирларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари, маҳалла фаоллари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари фаол иштирок этмоқда.

Тарғибот гуруҳининг Зомин туманидаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари билан ўтказаётган учрашувлари ёшларда танқидий фикрлашни шакллантириш ва ахборот хавфсизлигига оид тушунчаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Гуруҳ таркибидаги вилоят “Қалб нури” маркази вакиллари туманнинг энг олис, чекка ва чегара ҳудудларидаги мактабларда бўлиб, ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.

“Тинчлик – олий неъмат, уни ҳимоя қилиш барчамизнинг бурчимиз”, “Жаҳолатга қарши курашишда фақат маърифат ва билим ёрдам беради”, “Интернетдаги маълумотларни фактчекинг қилиш, медиасаводхонлик ва танқидий фикрлаш аҳамияти” каби мавзуларда маърузалар қилинади. Унда ёшларга интернет тармоқларида тарқалаётган шубҳали ахборотларга нисбатан ҳушёрликни ошириш, турли ёт ғояларга қарши маънавий барқарорликни кучайтириш ва миллий қадриятларга содиқлик руҳида тарбия топиш муҳимлиги ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилади.

Ёшларимиз медиасаводхон бўлса, жаҳолатга қарши ҳақиқий курашиш мумкин, – дейди вилоят “Қалб нури” маркази раҳбари, медиатренер Нодира Алимова. – Улар билим билан қуролланса, келажак тинч ва барқарор бўлади.

Дарҳақиқат, бугунги ахборот асрида ёшларнинг онги ва қалби учун кураш кетмоқда. Шу боис, уларни фақат таъқиқ ва назорат билан эмас, балки маърифат, билим ва танқидий фикрлаш орқали ҳимоя қилиш мумкин.

Зоминнинг олис қишлоқ мактабларида ўтказилаётган бундай учрашувлар нафақат тарғибот, балки ёшлар қалбига ишонч ва масъулият уруғини қадашга хизмат қилмоқда. Ҳар бир учрашувда ўқувчиларнинг фаол иштироки, қизиқувчан саволлари ва мулоҳазалари уларнинг келажакка бефарқ эмаслигини кўрсатмоқда.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *