2025-2026-ўқув йили қабулида олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун абитуриентларни рўйхатга олиш 5-25 июнь кунлари амалга оширилди. Рўйхатдан ўтган жами абитуриентлар сони Ўзбекистон бўйича 732 411 нафарни ташкил этди.
Олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовлари яқинлашган сари абитуриентлар ва кенг жамоатчилик томонидан жараёнлар катта қизиқиш билан кузатилмоқда. Бу йилги тест синовларида янгиликлар ва баъзи маълумотларни бериб ўтамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” 2024 йил 24 майдаги Фармонига мувофиқ, ўтган ўқув йилидан бошлаб давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилади. Бунда абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига; сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади. Ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июл–август ойларида ўтказилади.2025-2026-ўқув йили қабулидан бошлаб фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади.
Вилоятимизда ҳам тест синовларини ўтказиш учун юқори даражада тайёргарлик кўрилмоқда. Жиззах вилоятида тест синовлари Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт мажмуасида ўтказилади. Мазкур спорт мажмуасида бир сменада 2100 нафар, бир кунда иккита сменада 4200 нафар абитуриентнинг тест синовларида иштирок этиши таъминланади.
Тест синовлари ўтказиладиган бинода абитуриентлар учун барча шароитлар яратилмоқда. Бинода ҳар бир абитуриент учун бир ўринга мўлжалланган стол-стуллар жойлаштирилиб, совутиш қурилмалари ва шамоллатиш тизимлари ўрнатилди.
Тест синовларининг аниқ саналари яқин кунларда эълон қилинади. Бунда абитуриентлар ўзлари иштирок этадиган бино, кун ва смена ҳақидаги маълумотларни абитуриент рухсатномаси орқали билиб олишлари мумкин бўлади. Бундай рухсатнома абитуриентларнинг шахсий кабинетида тест синовлари бошланишидан камида бир ҳафта олдин акс этади. Мазкур рухсатномани чоп этиб олиш лозим бўлади.
Шу ўринда абитуриентларга баъзи эслатмаларни айтиш ўринли:
– тест синовлари ўтказиладиган бинога рухсатномада кўрстилган сана ва вақтдан кечикмаган ҳолда етиб келиш керак;
– тест синовлари ўтказиладиган бинога шахсни тасдиқловчи хужжатнинг (биометрик паспорт, ID карта, хорижга чиқиш биометрик паспорти, янги тартибдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси) асл нусхаси ҳамда рухсатнома билан келиш шарт;
– тест синовлари фақат бир марта ўтказилади, рухсатномада кўрсатилган сана ва вақтдан бошқа вақтда сиз учун тест синовлари ўтказилмайди;
– тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга биринчи смена соат 06:30 га қадар ҳамда иккинчи смена соат 13:30 га қадар етиб келиш шарт;
– тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга белгиланган вақтдан кеч келган абитуриентлар бинога киритилмайди;
– тест синовлари ўтказиладиган бинога таъқиқланган воситаларсиз (алоқа қурилмалари, калькуляторлар, ақлли соат ва ақлли кўзойнаклар, китоблар, шапаргалкалар во ҳоказо) келиш лозим, ҳудудга таъқиқланган воситаларни олиб киришга уринган абитуриентлар тест синовларидан четлаштирилади ва бинога киритилмайди.
Иброҳим ҲОТАМОВ,
Билим ва малакаларни
баҳолаш агентлиги Жиззах
вилояти бўлими бошлиғи.