Жорий йилнинг 8-ноябрь куни Жиззах гарнизони маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисидаги Қонун қабул қилинганлигининг 32 йиллиги ҳамда фарзандларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида тадбир уюштирилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмлар, Миллий гвардия ҳамкорлигида ўтказилган “Уч авлод учрашуви”да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси, Жиззах гарнизони вакиллари, спортчилар, Мудофаа ишлари ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техник мутахассисликлари бўйича тайёрлаш маркази курсантлари, ИИВ Жиззах академик лицейи ўқувчилари ҳамда ҳозирда кексалик гаштини сураётган фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва ёшлар иштирок этишди.
Бундай тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ёшлар билан халқ ва армия якдиллигини янада мустаҳкамлашдан иборатдир. Учрашув қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтказилиб, унда фаол иштирок этганларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди. Тадбир давомида Жиззах гарнизони ҳарбий оркестр яккахонларининг она Ватанни тараннум этувчи куй-қўшиқлари иштирокчиларга ўзгача завқ бағишлади. Тадбирда 400 нафар ёшлар ва ҳарбий хизматчилар қатнашди.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА