ДАВЛАТ ГЕРБИ – МУҚАДДАС  РАМЗ СИФАТИДА

Ҳар бир давлат дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиши учун  ўзининг давлат рамзларига эга бўлиб, унинг халқаро миқёсда тан олиниши муҳим аҳамият касб этади. Қарийб  уч минг йиллик мамлакатимиз тарихининг қайси бир даврини олиб қарамайлик, давлат рамзлари Ватаннинг ёрқин  тимсоли сифатида ҳамиша азиз ва муқаддас саналган. 

Ўзбекистон ҳудудида пайдо бўлган илк давлат ва ҳуқуқ рамзларидан бири тамғалар бўлган. Тамғалар дастлаб қадимги уруғларни бир-биридан фарқловчи белгилар вазифасини бажарган бўлса, кейинчалик давлатга тааллуқлиликни ифодалаб, байроқ, муҳр, пуллар, ёрлиқлар ва бошқаларда акс эттирилган.

Амир Темур давлатида тамға – бир-бирига боғланган уч халқадан иборат бўлиб, бу тасвир тангалар, муҳрларга туширилган. Тамғада уч халқа тасвиридан ташқари “рости-русти” ибораси ҳам ёзилган. Шунингдек,  ушбу ибора Оқсарой дарвозасининг пештоқида ҳам бўлиб, “куч – адолатдадир” деган маънони англатган.

Мустақиллик арафасида янгича давлат рамзларига алоҳида эътибор қаратилиб, 1991 йил 15 февралда “Ўзбекистон давлат байроғи ва давлат герби эмблемаларини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги парламент қарори қабул қилинган.

Давлат байроғи, герби ва мадҳиясини ишлаб чиқиш бўйича конституциявий комиссиянинг эксперт гуруҳи тузилган. Унинг таркибида Фанлар академияси президенти М. Салоҳиддинов, халқ ёзувчиси П. Қодиров, академиклар А. Асқаров ва Б. Аҳмедов бўлган.

Давлат байроғи ва герби чизмалари бўйича таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида махсус парламент комиссияси тузилган. Парламент комиссияси таркибига таниқли рассом ва санъатшунослар, маданият ва санъат арбоблари, жумладан, Б. Жалолов, Р.Аҳмедов, Ж.Умарбеков, Н. Аҳмедова, шунингдек, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимлар кирган.

Давлат герби лойиҳасига танлов ўтказилган. 1991 йил июнь ойида эълон қилинган герб лойиҳасига дастлабки танловда мутахассислар билан бирга кенг жамоатчилик ҳам иштирок этган.

Давлат герби лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинган. Муҳокамаларда турли ижтимоий қатлам вакиллари иштирок этган, барча вилоятлардан кўп сонли мактуб, лойиҳа, таклиф ва истаклар келган.

Давлат герби лойиҳаларини яратишда Б. Жалолов, Т. Комилов, С. Қурбонов, И. Сатторов, А. Сатников, Б. Нишонов каби санъаткор ва ижодкорлар салмоқли ҳисса қўшган.

Шундан кейин лойиҳа парламентда овозга қўйилиб, депутатларнинг кўпчилиги овози билан биринчи вариант Давлат герби сифатида қабул қилинади. 1992 йил 2 июль куни Давлат герби тавсифини тасдиқлаган ва ундан фойдаланиш муносабатларини тартибга солган “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинади.

Герб қалқонидаги тасвирлар – олий иродага эга тинчликсевар ва софдил (Ҳумо қушининг кумуш ранги) халқ абадий озод, фаровон ва бахту саодатда яшаш учун қайта тикланди (Ҳумо қуши), бу мусаффо (дарёларнинг кумуш ранги) ва озод (водийлар ва тоғларнинг яшил ранги) диёр (водий, тоғлар, дарёлар) ривожланишнинг (кўтарилаётган қуёш) юксак ҳаётий кучларига (заррин нур сочаётган олтин қуёш) эга, деганидир.

Герб чамбаридаги тасвирлар – бу халқ ўзининг (бу ерга ғўза шохлари ва буғдой бошоқлари боғланган Давлат байроғи рангларидаги шиор лентаси талқини қўшилади) озодлиги (ғўзанинг яшил шохлари), софдиллиги (оқ пахта), бойликлари (олтин чаноқлар, буғдой бошоқлари) билан буюк (чамбар) эканини англатади. 

Қалқон тепасидаги тасвирлар – халқимизнинг тақдирида улуғ (саккизқирра юлдузнинг олтин ҳошияси) шараф (саккизқирра юлдузнинг кўк фони) келтирадиган кенг қамровли, кўпжиҳатли (саккиз қиррали юлдуз) буюк ўзгаришлар (юлдуз) ва тинчлик (ярим ой ва юлдузнинг оқ ранги) даври бошланди (ярим ой), деган маъноларни ифодалайди.

Шиор лентасидаги тасвир ва ёзувлар – бу бой (“Ўзбекистон” ёзувининг олтин ранги) халқ ва давлатнинг номи Ўзбекистон деб аталишидан далолатдир.

Давлат герби Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги 616-XII-сонли  Қонуни билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида “Ўзбекистон” деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва “Ўзбекистон” ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган.

Ўттиз уч йилдан буён мустақил Ўзбекистоннинг рамзларидан бири бўлган дунёда аналоги йўқ муқаддас гербимиз давлат рамзи сифатида ўз ўрнини доимо юксалтириб бормоқда. Ҳар бир юртдошимиз суверен Ўзбекистоннинг фуқароси сифатида давлатимизнинг бошқа рамзлари билан бирга давлат гербига алоҳида ҳурмат ва эхтиром кўрсатадилар. Ўзбекистон Республикаси герби қабул қилинганининг ўттиз уч йиллиги барчамизга муборак бўлсин, азиз ҳамюртлар!

Ботир Узоков,

ЖизПИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси доценти

 

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *