Жиззах шахрида охирги йилларда тери антропонози лейшманиози рўйхатга олинмоқда. Лейшманиоз, халк тилида “пашшахўрда” касаллиги – одамларда ва ҳайвонларда учрайдиган трансмиссив протозой касаллик бўлиб, кўзғатувчиси лейшманиялар ҳисобланади. Искабтопар чивинлар ташувчи бўлиб, чақиш йўли билан касалликни юқтиради. Хасталик интоксикация, иситмалаш, ички аъзолар ёки тери тўқималарининг шикастланиши билан намоён бўлади.
Касаллик манбаи бемор одам, баъзан итлар ҳам бўлиши мумкин. Касаллик аҳоли зич жойлашган пунктларда кўпроқ учрайди, чунки касаллик искабтопарларнинг урғочиси-Phlebotomus sergenti орқали одамдан одамга юқади. Бемордан қонни сўргандан кейин москитлар 6-8 кунда зарарли бўлади. Соғ одамни искабтопар чивинлари чаққанида касаллик юқади.
Касалликнинг юқиши асосан йил фаслининг иссиқ ойларда тўғри келади. Касалликнинг яширин даври турлича бўлганлиги туфайли мавсумийлик характерли эмас. Касаллангандан сўнг бутун умр давомида сақланувчи иммунитет ҳосил бўлади, баъзан касаллик қайталаниши мумкин. Унинг инкубацион даври 2-8 ой ва 1,5 йилгача давом этиши кузатилган.
Искаптопарлар инфекция қўзғатувчисини ташувчилардир. Бу икки қанотли, қон сўрувчи ҳашаротлар бўлиб оқ-сариқ, оқиш-кулранг ёки жигарранг тусда бўлади. Уларнинг қон сўриб тўйган вақти ва тухум қўйиш пайти ташқи муҳит мавсуми ва ҳароратига боғлиқ.
Тери лейшманиозига қарши мажмуавий чора-тадбирларни олиб бориш муҳим. Бунда искабтопарларга қарши дала ва аҳоли пунктларида дезинсекция ўтказиш, индивидуал ҳимояланиш, касалликни эрта аниқлаш ва даволаш, эпидемиологик текширув олиб бориш, аҳоли пунктларининг санитар ҳолатини яхшилаш, яра ҳосил бўлганда устини бекитиб қоплаб юриш тавсия этилади.
Биринчи навбатда чивинларнинг яшаш хоналарига учиб киришининг олдини олиш лозим. Дераза ойналарига дока, тўр тутиш, пашшахоналардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Касаллик асосан санитария- ободонлаштириш қониқарли бўлмаган, чиқинди тўпланган ва қабристонга яқин бўлган маҳаллаларда рўйхатга олинмоқда.
Санитария-ободонлаштириш муҳим самарали тадбир бўлиб, аҳоли яшайдиган пунктларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, жойларни ахлат, ташландиқ ва гўнглардан мунтазам тозалаш, кемирувчи инларини бузиш, қабристонларни ободонлаштириш каби тадбирларни ўз ичига олади. Ободонлаштириш ишлари тўғри йўлга қўйилган ҳамда чивинлар кўпайишининг олди олинган ҳудудларда касалланиш бутунлай йўқолиб боради.
Раъно АРИПОВА,
Жиззах шаҳар СЭО ва ЖС мутахасиси.