“АВВАЛ ТЕСТ, КЕЙИН ТАНЛОВ”: ТЕСТ СИНОВЛАРИ БОШЛАНДИ

Юртимиз бўйлаб 14-23 июль кунлари олий ва профессионал таълим муассасаларига тест синовлари бўлиб ўтади. Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ҳам мазкур жараён уюшқоқлик билан ўтмоқда.

Тест синовлари спорт мажмуасининг 3 та секторида қоида тариқасида 2 сменада ўтказилмоқда.  Ҳар бир сменада 2100 нафардан абитуриент иштирок этади. Тест синовлари ёшлар ҳаётида жуда муҳим босқич эканлиги боис жараённинг шаффоф ҳамда тартибли ўтиши учун вилоят ҳокимлиги ҳамда олий таълим муассасалари томонидан барча зарур шарт-шароит яратилди. Тест синовлари ўтказиладиган биноларда ҳар бир абитуриент учун бир ўринли стол-стуллар жойлаштирилди. Марказлашган совутиш тизими бўлса-да, қўшимча равишда 30 дона катта ҳажмли совутиш қурилмаси ўрнатилди.  Ҳудудга кириш жойларида абитуриентларни тартиб билан текшириб киритиш учун назорат постлари ташкил қилинди. Олий таълим муассасаларининг волонтёрлар жамоаси томонидан абитуриентларнинг шахсий буюмларини сақлаб туриш жойи, рухсатномасини чиқариб келмаган абитуриентлар учун рухсатномани чоп этиш жойлари ташкил қилинди.

Ҳудудда ошкораликни таъминлаш, ноқонуний ҳатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида жами 6 та идетификация қилувчи, 6 та онлайн узатувчи, 4 та 360 даражага айланувчи ва 70 та оддий видеокузатув камералари, металлорама ва металлодетектор ўрнатилган. Назорат ўтказиш пунктларида хизмат олиб бораётган соҳа ходимлари зарур воситалар билан таъминланган.  Ҳудудда жамоат тартибини сақлаш учун вилоят ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан ходимлар жалб этилган. Ёнғин ўчириш ва тез тиббий ёрдам машиналари шай турибди.

Ота-оналар кутиш жойларида кўнгилочар дастурлар, қўшиқ ва рақслардан иборат томошалар ташкил қилинди. Тест жараёнини онлайн тарзда кузатиш имконини берувчи мониторлар ўрнатилди.

-Жорий ўқув йили учун вилоятимиздан ҳужжат топширган абитуриентлар сони 35 048 нафар бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 7913 нафарга кам, – дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Жиззах вилояти бўлими бошлиғи Иброҳим Ҳотамов. – Анъанага кўра, жорий йилда ҳам тест синовлари test2025.uz сайти орқали трансляция қилиб борилади ва кенг жамоатчилик жараёнларни онлайн кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.Жараённинг аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда синовларнинг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлашга катта эътибор қаратилди.

Маълумот учун, тест синовларининг биринчи кунида 398 нафар абитуриент иштирок этмади. Жиззах вилоятида тест синовлари 8,5 кун, 14-22 июль кунлари (сўнгги кунда бир сменада) бўлиб ўтади.

Муқаддас САПАРОВА. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *