Бугун Халқаро сифат куни
Сифат куни Европа Сифат ташкилоти томонидан БМТ кўмагида 1989 йил тасдиқланган. Ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи пайшанбаси халқаро сифат куни сифатида нишонланади. Асосий мақсад товар ва хизматлар сифатининг муҳимлигини ошириш ҳамда сифат муаммоларига эътибор қаратишга йўналтирилган.
Сифат -объектнинг белгиланган ва мўлжалланган эҳтиёжларни қондириш қобилиятига тааллуқли хусусиятлари мажмуи ҳисобланади. Сифат нима учун керак? У инсон саломатлиги ва ҳаёти учун энг муҳим омил. Ишонч ва ишончлилик учун. Юқори сифатли маҳсулот ёки хизмат мижозларда ишонч уйғотади. Масалан, сифатли телефон узоқ вақт ишлайди, шунинг учун одамлар уни яна сотиб олади. Рақобатда устун бўлиш учун. Бугунги бозорда кўп маҳсулот бор, лекин сифатли маҳсулотгина мижозни ўзига тортади. Шу сабабли компаниялар сифатни ошириш орқали рақобатчилардан ажралиб туради.
Тежамкорлик учун ҳам сифат керак. Сифатли маҳсулот тез бузилмайди, таъмирга кам эҳтиёж бўлади, бу эса харажатни камайтиради. Агар маҳсулот ёки хизмат сифатли бўлса, мижозлар мамнун бўлади ва бошқаларга ҳам тавсия қилади. Сифатли ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш иқтисодий ўсишга ёрдам беради. Сифатли таълим, тиббиёт, йўл ва озиқ-овқат булар жамият фаровонлигининг асоси.
“Ўзбекистон илмий синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси Жиззах филиали (кейинги ўринларда “UzTest” ДМ Жиззах филиали) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15-августдаги 4419-сонли қарорига мувофиқ маҳсулот ва хизматларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш тизимини янада такомиллаштириш, унинг замонавий халқаро нормалар ва талабларга мувофиқлигини таъминлаш, шунингдек, халқаро стандартлардан кенг фойдаланиш асосида маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида 2020 йил 1январда ташкил этилган.
Жамоамизда 14 нафар ходим ўз меҳнат фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Филиалимизда 2025 йил 1 мартдан “Пластмасса ва полимер маҳсулотларни синаш лабораторияси” ишга туширилди. Хитой давлатидан ҳамкорликда энг замонавий 15 га яқин синов ускуналари, 30 дан зиёд лаборатория учун махсус жиҳозлар олиб келинди. Ушбу синов ускуналари компьютерлаштирилган, ақлли ўлчов тизими ҳамдир. Сабаби олинган натижалар дарҳол файл шаклида қайд этилади, сақланади ва қоғоз шаклини ҳам чоп этади. Ўзини ўзи ростлайди ва хатолик ҳақида датчик орқали ходимни ҳабардор этади.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан маҳсулотни сертификатлаш жараёнини тўлиқ қамраб олувчи “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими яратилди. Муассасамизда синов услуллари жорий йил бошида 29 та эди. Ҳозирда 76 та, йил якунига қадар 170 тага синов услулларини кўпайтириш режа қилинган.
“UzTest” ДМ Жиззах филиали ва Жиззах политехника институти билан биргалика “Дуал таълим тўғрисидаги шартнома тузилди. Филиалимизга қарийб Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан синаш ва сертификатлаш учун маҳсулотлар келади. Шартномалар қоғозбозлик ва ортиқча оворагарчиликни камайтириш мақсадида https://didox.uz/ орқали олиб борилади.
Жамшид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
“UzTest” ДМ Жиззах
филиалининг раҳбари.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).