ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР, ЯНГИ МАҲСУЛОТЛАР

“Буюк Ипак йўли—Зомин” махсус саноат зонасида ташкил этилган технопарк мамлакат саноати тараққиётида муҳим босқичлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Бугунга келиб ушбу маблағнинг 200 миллион доллари ўзлаштирилиб, дастлабки инфратузилма ва ишлаб чиқариш объектлари қурилиб, айрим корхоналар фаолият юрита бошлади.

Технопаркнинг асосий мақсади замонавий технологияларга асосланган рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган субъектларни жамлаш ҳамда улар учун барча шароитларни яратишдан иборатдир. Ушбу қурилиш майдонида электроника, қурилиш материаллари, кимё, озиқ-овқат, енгил саноат, автоматика, робототехника ва бошқа йўналишларда фаолият юритувчи корхоналар ташкил этилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, технопарк доирасида илмий-тадқиқот марказлари ва стартап лойиҳалар учун инкубатор ташкил этилиши режа қилинган. Бу эса ёш мутахассислар ва тадқиқотчилар учун амалиёт ва тадбиркорликни бирлаштирган инновацион муҳитни шакллантиради. Маҳаллий аҳоли учун муҳим томонлари шундаки, лойиҳа амалга оширилиши натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилади. Бу нафақат Зомин тумани, бутун ҳудудда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Айни пайтда хорижий инвесторларни жалб этиш орқали маҳаллий ва халқаро хамкорлик алоқалари мустаҳкамланиши ҳам кутилмоқда.

“Буюк Ипак йўли—Зомин” технопарки жойлашуви нуқтаи назаридан қулай ҳудуд ҳисобланади. У темир йўл, Зомин аэропорти ва автомагистралларга яқин жойлашган. Бу эса маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга тез ва самарали етказиш имконини беради. Мазкур лойиҳа Жиззах вилоятининг инвестицион жозибадорлигини янада ошириш, ишлаб чиқариш салоҳиятини кучайтириш ва мамлакат иқтисодиётида янги драйвер сифатида фаолият юритишга хизмат қилади. Технопаркнинг тўлиқ ишга туширилиши билан у нафақат иқтисодий нуқтаи назардан, балки технологик тараққиёт ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳам улкан натижаларга эришади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *