“БИР ВАТАН, БИР ЭЛ, БИР БАЙРОҚ”

8 ноябрь куни юртимизнинг уч нуқтаси – ғарбий йўналишда Мўйноқ, жанубий йўналишда Сариосиё ва шарқий йўналишда Хонобод туманларида эстафета байроғи йўлга чиқди. Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси асосида мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилган республика байроқ эстафетаси учала йўналишда пойтахт томон ҳаракатланишни бошлади ва том маънода халқимизни бир туғ остида бирлаштирди.

Жиззах вилоятида ҳам мазкур тадбир катта шодиёна ва юксак фахр-ифтихор билан ўтказилди. Даставвал Ғаллаорол туманида эстафета байроғи Самарқанд вилоятидан тантанали қарши олинди. Тадбирда кексаю ёшлар, ҳарбий хизматчилар, спортчилар, ўқувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлишди ва Ўзбекистоннинг улкан байроғини эъзозлаб, туман ҳудудидан олиб ўтишди. Асосий тантанали саф юриши Жиззах шаҳрида бўлиб ўтди. Шароф Рашидов шоҳкўчаси бўйлаб юртимиздаги тотувлик ва бирликнинг ёрқин ифодаси сифатида ўтказилган тантанали тадбирда давлатимиз рамзи чин маънода улуғланди. Саф юришида ҳарбий оркестр, тарихий сиймоларни гавдалантирган маданият ходимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва фаол ёшлар иштирок этишди ва миллий характер, бирлик руҳини намойиш этдилар.

Шу куни эстафета байроғи автокарвон кузатувида Зомин туманига кузатиб қўйилди ва зоминлик ёшлар иштирокида ўтган ватанпарварлик тадбиридан сўнг Сирдарё вилоятига – Ховос тумани аҳлига топширилди. Кеча пойтахтимизда юртимизнинг турли нуқталаридан йўлга чиққан байроқларни кутиб олиш ва давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан асосий байрам тадбири бўлиб ўтди. 

“Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” эстафетаси Арнасой, Дўстлик ва Мирзачўл туманлариида ҳам юртимиздаги тотувлик ва бирликнинг ёрқин ифодаси сифатида ўтказилди.  Мазкур тадбир  Ўзбекистон бўйлаб  бирлик ва миллий истиқлол ғояларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим маданий лойиҳа сифатида муваффақиятли амалга ошди. Бир байроқ остида бирлашиб, юқори марраларга эришиш ишончи, бирдамлик руҳи, ҳамжиҳатлик сурури бутун юртга ёйилди.

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *