Даштобод шаҳрида фаолият юритадиган “ERMAK PLUS” бугунги кунда Жиззах вилоятида мевани чуқур қайта ишлаш соҳасида етакчи корхоналардан бири сифатида фаолият кўрсатмоқда. Корхона базасида айни пайтда мева шарбатлари, мураббо ҳамда бошқа турдаги консерваланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Лойиҳа қиймати 1,7 млн АҚШ долларини ташкил этади. Бу маблағлар ҳисобига корхона энг замонавий технологик ускуналар билан таъминланди. Ишлаб чиқариш жараёни автоматлаштирилган бўлиб, бу меҳнат унумдорлигини ошириш ва сифатини барқарор таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, тайёр маҳсулотлар сифатини назорат қилиш мақсадида замонавий лаборатория ва совутгичли омборхона тизими йўлга қўйилган. Корхонанинг йиллик мевани қайта ишлаш қувввати 5000 тоннани ташкил этади. Бу эса вилоятнинг табиий иқлим шароитида етиштирилган олма, олча, шафтоли, гилос, ўрик ҳамда анор каби қимматбаҳо меваларни чуқур қайта ишлаш орқали қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини бераяпти.
Корхона нафақат ишлаб чиқаришда, балки ижтимоий барқарорликка ҳам катта ҳисса қўшаяпти. 50 дан ортиқ маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланди. Хусусан, ёш технологлар, агроном ва ишлаб чиқариш операторлари, лаборатория ходимлари учун қулай иш шароитлари яратилди. Улар малака курсларига жалб этилиб, замонавий ишлаб чиқариш технологиялари билан яқиндан таништирилмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, корхона нафақат ички бозор эҳтиёжини қондириш, балки яқин йилларда маҳсулотларни хорижга экспорт қилишни ҳам кўзлаб туришибди. Бу эса вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш, янги бозорларни эгаллаш, миллий брендларни шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.