Бир неча кун олдин Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг Жиззах вилоят бўлинмаси томонидан эълон қилинган давлат грантлари ғолиблари номи эълон қилинган эди. Вилоят ҳокимлигининг мажлислар залида ғолибларга сертификат топшириш маросими ҳамда танлов якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимлиги вакиллари, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ), фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, Жамоат фондининг масъул ходимлари иштирок этди. Анжуман давомида танловларнинг ўтказилиш тартиби, баҳолаш мезонлари, молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари, шунингдек, танлов якунлари ҳақида батафсил ахборот берилди. Мутасаддилар томонидан грант ва ижтимоий буюртмалар орқали қўллаб-қувватланган лойиҳаларнинг ижтимоий аҳамияти, уларнинг жамият ҳаётига таъсири ва кутилаётган натижалари ҳақида фикр юритилди.

-2025 йилда вилоятимизда жами 14 та лойиҳа танловда ғолиб деб топилди, улар учун умумий қиймати 1 миллиард 323 млн сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланди, – дейди Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг Жиззах вилоят бўлими бошлиғи Раҳмон Қандаҳоров. – Ушбу маблағлар аҳолининг турли қатламларига қаратилган ижтимоий ташаббусларни амалга оширишга йўналтирилади. Жумладан, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳуқуқий маданиятни ошириш каби долзарб йўналишлардаги лойиҳалар молиялаштирилади.
Қувонарлиси, танлов ғолиблари сафида таҳририятимиз ходими Гулчеҳра Хидирова ҳам бор. “Инсон манфаатлари” ННТ раҳбари бўлган фаол журналист Бахмал туманидаги 14-мактабда ҳамда Ғаллаорол туманидаги Муллабулоқ қишлоғида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга ҳисса қўшади.”Сув Тангатопди қишлоғининг асосий манфаати” номли лойиҳа вазифалари 4 ой муддатда бажаришга мўлжалланган бўлиб, бунинг учун 145 000 000 сўм маблағ ажратилади.
Тадбир якунида грант танлови ғолибларига тантанали тарзда сертификатлар топширилди. Бу уларнинг фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси эътироф этилганидан далолат беради.