Жиззах вилоятида янги Ўзбекистон ислоҳотларининг ҳаётбахш нафаси, янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари тобора ёрқин кўзга ташланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 22 июль куни мазкур ҳудудга қилган ташрифи бу жараёнларга катта куч ва руҳ бағишлади. Бу ташриф бир пайтнинг ўзида ҳам халқ билан мулоқот, ҳам амалий натижалар тақдимоти, ҳам келажак тараққиётининг стратегияси бўлди.
Давлат раҳбарининг Жиззахга ташрифи ҳар доимгидек тантанали эмас, балки самимий, халқона ва ишчан руҳда ўтди. Ташриф доирасида вилоятнинг турли ҳудудларида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди, янги лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди, аҳоли манфаатлари учун яратилаётган имкониятлар муҳокама қилинди. Ҳар бир сафар каби бу галги ташриф ҳам рақамлар билан эмас, балки инсон ҳаёти билан, унинг эртасига бўлган эътибор билан ўлчанди.
Ўтган 2023 йил 31 декабрда қабул қилинган Президент қарорига мувофиқ Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги дастури амалга оширилмоқда. Ушбу дастур доирасида 2025 йилда 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, экспорт ҳажмини 285 миллион долларга етказиш ва 168 минг нафар аҳолини иш билан таъминлаш белгиланган. Бу вазифалар қоғозда эмас, ҳаётда, ҳафтанинг ҳар куни, ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонда амалга оширилаётган ишлар орқали ўз ифодасини топмоқда.
Жорий йилнинг олти ойида вилоятда саноат, сервис ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида 200 та янги лойиҳа ишга тушди. Маҳаллий ва хорижий сармоядорлар томонидан 662 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилди. Бу лойиҳалар нафақат иқтисодий кўрсаткичларни яхшиламоқда, балки минглаб инсонларга меҳнат ва ҳаёт манбаи бўлмоқда.
Зомин туманида ташкил этилган “Ислоҳотлар штаби” ҳудудни ривожлантиришда янгича ёндашувни ифода этмоқда. Ана шу ёндашув натижасида Президент иштирокидаги ташриф пайтида “ягона дарча” тамойили асосида ташкил этилган “Агромарказ” фаолияти тақдим этилди. Бу марказ қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи ҳар бир фуқарога ўзи учун зарур бўлган барча хизматларни битта жойда олиш имкониятини яратди. Энди деҳқонга ер, уруғ, молия, техника ёки маслаҳат керак бўлса, сарсон бўлмайди, “Агромарказ”га боради – ҳаммаси битта ерда.
Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш, сифатли уруғ етиштириш масалаларида ҳам жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Зомин тажриба станциясида хорижий ва маҳаллий селекцияга мансуб 12 та нав асосида картошка уруғчилигининг янги тизими жорий этилди. Илгари 6-7 йил талаб қилган селекция жараёни эндиликда 2 йилгача қисқартирилди. 12 тонна супер элита уруғлик аҳолига бепул тарқатилади ва натижада 120 тонна элита уруғлик етиштирилади. Бу нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки деҳқон учун даромад, аҳоли учун эса арзон ва сифатли маҳсулот деганидир.
Зарбдор туманидаги каналларда сув таъминотини яхшилаш мақсадида насос станциялари ва магистрал қувурлар қурилиши режалаштирилди. Бу лойиҳа орқали минглаб гектар ерларга ҳаёт суви етади, сувсизликдан қийналаётган қишлоқларда яшаш шароити яхшиланади.
Жиззах табиатининг гўзаллиги, ҳудуддаги тоғли ва чўл ҳудудлар, сояли боғлар, манзарали йўллар, тиниқ ҳаво ва мусаффо сувлар — буларнинг барчаси бугун туризм салоҳияти сифатида кенг ишга солинмоқда. Президент Зомин туристик-рекреацион зонасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мазкур ҳудуддаги аэропорт, замонавий йўллар, сайилгоҳлар ва “Айдар-Арнасой” кўллар тизимида қуриладиган туризм маркази вилоятни фақат аграр эмас, балки туристик масканга айлантириши шубҳасиз.
Президент Шавкат Мирзиёев Зомин туманидаги аҳоли, хусусан ёшларнинг маънавий тарбияси, маданият ва санъатга бўлган қизиқишини инобатга олган ҳолда маданият саройи ва санъат мактаби қурилиши бўйича топшириқ берди. Ушбу маданият саройи 300 ўринли бўлиб, 45 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган марказда жойлашади. Бу ерда “Зомин сайқали” фольклор жамоаси ва 13 та тўгарак фаолият юритиши кўзда тутилган. Санъат ва маданият юртимизнинг руҳий қадриятлари асоси эканини инобатга олганда, бундай лойиҳалар келажак авлод учун бебаҳо хазинага айланади.
Президент сафар давомида сўзлаган нутқида шундай деди: “Туманларга саноатни олиб кириб, одамларни ишли қилишга ҳаракат қиляпмиз. Илгари дашт бўлган жойларда замонавий корхоналар пайдо бўляпти. Одамларимиз ҳунаридан, томорқасидан ҳам даромад топаяпти. Лекин бу бугунги натижа. Янги авлод етишиб келяпти, ёшларимизнинг билими, талаби ошиб боряпти. Уларнинг ишлаши, яхши яшаши учун ҳозирдан замин яратишимиз керак.”
Бу сўзлар орасида бутун ташрифнинг маъноси мужассам: ҳар бир инсон учун имконият яратиш, ҳар бир ҳудудда фаровонликка замин тайёрлаш, ҳар бир фарзандга ишончли келажак қуриш. Жиззах вилоятида амалга оширилаётган бу ишларнинг марказида эса — инсон, халқ ва унинг бахти учун интилиш турибди.
Орифжон Ражабов,
Жиззах политехника институти
“Умумтехника фанлари” кафедраси доценти