Нақд ёки карта: Ўзбекистонликлар кўпроқ қайси тўлов усулидан фойдаланяпти? Буни аниқлаш мақсадида Марказий банк томонидан июнь ойида сўровнома ўтказилди. Унда жами 14 259 нафар респондент иштирок этди.
Маълум бўлишича, аҳолининг 52 фоизи тўловларни нақд пул ва банк карталари орқали биргаликда амалга оширади. Фақатгина картадан фойдаланадиганлар улуши 33 фоизни ташкил қилади. Нақд пулни афзал билувчилар эса 15 фоиз атрофида.
Жиззах вилояти аҳолисининг 47 фоизи одатда 100 минг сўмдан 500 минг сўмгача бўлган харидларни нақд шаклда амалга оширган.
Бундан ташқари, 56 фоиз аҳоли деҳқон бозорларда нақд пулдан фойдаланишга мажбур бўлаётганини билдирган. Бунга сабаб баъзи ҳолларда нақд пулга товарлар арзонроқ экани, тўлов учун айнан нақд пул талаб қилиниши ва яна терминал йўқлиги ёки ишламаслиги.
Тошкент шаҳрида эса терминал ишламаслиги ҳолатлари кўп бора кузатилган.
Сўровномада омонат ва жамғармаларда мобил иловалар анча фаол эканлиги аниқланди. Унга кўра, 23 фоиз аҳоли жамғармаларни нақд пул шаклида сақласа, 23 фоизи банк картасида, 20 фоиз банк омонатларида ва 35 фоизи эса мобил иловалар орқали омонат шакллантирган.
Бундан ташқари, аҳолининг 88 фоизи коммунал тўловларни мобил иловалар орқали амалга оширади.
Банкоматлар борасида 20 фоиз фойдаланувчи пул тез тугаб қолиши, аппарат ишламай қолиши ёки керакли номинал йўқлигидан шикоят қилган.
Иш ҳақи тўловлари бўйича кўрсатгичда 87 фоиз аҳоли иш ҳақини фақат банк картаси орқали олиши, 7 фоизи аралаш шаклда ва 6 фоизи фақат нақд пулда олиши маълум бўлди.
Интернет манбалари асосида Шаҳноза Мансурова тайёрлади.