Вон Ю На гўзаллик шайдоси. Бу қизиқиши уни Woosong университетининг гўзаллик ва дизайн (нафосат) факультетига етаклади. Аёллар пардози, косметология соҳасига меҳри ўзгачалиги боис ўқиш билан бирга амалиётни ҳам канда қилмади. У гўзаллик бўйича корейс стандартларини чет давлатларда қўллаш, хусусан, иқлими қаттиқ мамлакатларда косметология соҳасига янгиликлар киритиш ҳақида ўйлай бошлади. Қирол Сежонг маркази томонидан Жиззах шаҳрида make-up курсини ўтиш ҳақидаги таклифни шу сабаб бажонудил қабул қилди ва 2025 йилнинг август ойида Жиззахга етиб келди.
– 2025 йилнинг сентябрь–декабрь ойларида Жиззах шаҳридаги Қирол Сежонг марказида талабалар учун К-Beauty дарслари бепул ташкил қилинди, – дейди кореялик мутахассис Вон Ю На. – Ўзбек хотин-қизлари ўртасида корейс косметикаси, соч турмаги, тери ва соч парвариши усулларига қизиқиш жуда катта эканини кўрдим. Нафислик, табиийликка урғу бериш корейс стандарти бўлиб, унинг ўзига яраша сир-асрорлари бор. Ҳафтада икки марта тингловчилар билан тери, соч, юз парвариши, саломатлик ва ташқи гўзаллик, соч турмаклари, кундалик ва байрам пардози, face-art мавзуларида амалий машғулотлар олиб бордик.
-Иқлим ва аёллар гўзаллиги ўртасида боғлиқлик борми?
-Албатта, Корея иқлими нам, шундай бўлса-да, К-Beauty да терини намлантиришга катта эътибор қаратилади. Биргина терини комплекс парвариш қилиш жараёни ўртача 10 босқичдан иборат.Ўзбекистон субконтинентал иқлимли мамлакат, бу эса терини икки баравар намлаш, қуёшдан максимал ҳимояни талаб этади. Одатда корейслар SPF кремини қишда ҳам сурадилар, қуёшнинг ҳаттоки заиф нури ҳам ҳимояланмаган юз териси учун зарарли, деб ҳисобланади. Шу боис дарслар мобайнида тери парвариши мавзусига кўпроқ тўхталишга ҳаракат қилдим. Корейсча гўзаллик меъёрлари билан таништиришда Кореяда ишлаб чиқарилган косметик воситалардан фойдаланилди. Жумладан, 2011 йилда истеъмолга киритилган ВВ кремни олайлик. У намловчи, қуёшдан ҳимоя каби кўп функцияли терини парвариш қилиш маҳсулоти. Унинг давоми сифатида СС креми пайдо бўлди ва юз терисини намлаш, парваришлаш, ҳимоялаш, енгил тонал қоплама асосида порлоқ қилиш хусусиятларига эга. Умуман, К-Beauty Корея маданиятининг бир қисми бўлиб, вақт ўтиши билан миллий меъёрларининг ажралмас бўлагига айланди.
Ўтган 2025 йилда илк марта хорижда ўз соҳам бўйича ўқув машғулотлари ўтдим. Жиззах шаҳрида 4 ой давомида яшаб, ишладим. Шу сабаб 2025 йил мен учун алоҳида аҳамиятли бўлиб қолди. Ўзбек хотин-қизларининг Корея стандартлари билан танишувига имкон қадар ҳисса қўшганимдан мамнунман. Очиқ юзли ва меҳрибон ўзбек халқига энг яхши тилакларни йўллайман, гўзалликка интилиш туйғуси тарк этмаслигини тилайман.
Муқаддас САПАРОВА суҳбатлашди.