Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги томонидан навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Агентликнинг марказий аппарат ходимлари, ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари раҳбарлари, тизим ташкилотлари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Йиғилишни Агентлик директори Эркин Муҳиддинов очиб берди. У 2025-йилнинг биринчи ярми давомида амалга оширилган асосий ишлар, эришилган натижалар ҳамда йил якунигача режалаштирилган вазифалар ҳақида сўз юритди. Таҳлилий руҳда ўтган тадбирда ўрмон ҳудудларини кенгайтириш, ижара муносабатларини тартибга солиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, кўп йиллардан буён ўрмон соҳасида фаолият юритаётган бир гуруҳ фидойи ходимлар “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Йиғилиш давомида ўрмон хўжалиги соҳасини рақамлаштириш бўйича “Smart Forestry ” ахборот тизимининг жорий этилиши алоҳида эътиборга молик бўлди. Кореянинг КFWP гранти асосида ишлаб чиқилаётган ушбу миллий платформа мониторинг, таҳлил ва электрон хизматлар орқали соҳага шаффофлик олиб киради. Жараёнлар онлайн назорат қилиниши ҳисобига коррупция хавфини камайтириш ҳамда ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсад қилинган. Ушбу тизимнинг дастлабки босқичлари 2025 йил охиригача ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
Жиззахдаги йиғилиш доирасида иштирокчилар Жиззах давлат ўрмон хўжалиги тасарруфидаги 16 гектарлик кўчатхона фаолияти билан ҳам танишишди. Бу ерда игнабаргли ва манзарали дарахтлар, шунингдек, бутасимон гуллар етиштирилмоқда. Маҳаллий иқлимга мос, хорижий мамлакатлардан олиб келинган мевали ва декоратив дарахтлар кўчатлари етиштирилаётганлиги ҳам эътироф этилди. Агротехник тадбирларнинг ўз вақтида сифатли олиб борилиши натижасида бу хўжаликдаги кўчатларга талаб юқори.

Яна бир муҳим янгилик – “Яшил тўлов” электрон тизимининг жорий этилиши билан боғлиқ. Бу рақамли ечим ёрдамида ўрмон маҳсулотлари, кўчатлар онлайн савдоси йўлга қўйилади, ер участкалари ижараси бўйича тўловлар, қарздорликлар, геохариталар орқали ҳолат мониторинги ва бошқа кўплаб жараёнлар автоматлаштирилади. Йиғилишда бу тизим орқали ўрмончилик соҳасида самарадорлик ва шаффофликни таъминлаш юзасидан фикрлар билдирилди.
Шунингдек, ҳайъат йиғилишида доривор ўсимликларни етиштириш ҳажмини кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди. Агентлик раҳбари Эркин Муҳиддинов ҳар бир давлат ўрмон хўжалигида узоқ муддатли стратегик режа ишлаб чиқилиши зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда илмий-ишлаб чиқариш марказлари билан ҳамкорликни кучайтириш, хориж тажрибасини ўрганиб, илғор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги қайд этилди.

Тадбир якунида иштирокчилар учун Зомин давлат ўрмон хўжалигига пресс-тур уюштирилди. Унда журналистлар, экологик фаоллар ва ҳудудий раҳбарлар тоғ ландшафтлари, яшил ҳудудлар билан танишдилар. Саёҳат давомида “Суффа” мажмуаси ҳам кўздан кечирилди.

Бу каби йиғилишлар ва ташаббуслар Ўзбекистон ўрмон хўжалиги соҳасида янги босқични бошлаб бермоқда. Давлатнинг яшил сиёсати, рақамли технологияларни жорий этиш, барқарор экотизим яратишга қаратилган чора-тадбирлар соҳани ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.