ТУМАНЛАРДА КЎП ҚАВАТЛИ УЙЛАР ТАЪМИРЛАНМОҚДА

Фориш туманида аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, кўп қаватли уй-жойлар ҳолатини яхшилаш, атроф-муҳитни ободонлаштириш ва туманнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, уйларни 2025 – 2026 йилги куз-қиш мавсумига тайёрлаш, уларнинг том ва фасад қисмларини таъмирлаш, муҳандислик коммуникацияларини янгилаш, ободонлаштириш ҳамда аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммоларни бартараф этиш борасида туманда тизимли чора-тадбирлар белгиланди. Ўзбекистон ва Боғдон маҳаллаларида олиб борилаётган ишлар бунинг ёрқин мисоли бўла олади.

Ўзбекистон маҳалласида муҳим тадбир кўп қаватли уй-жойларни 2025 – 2026 йилги куз-қиш мавсумига тайёрлашга бағишланган семинар ташкил этилди. Унда мутасадди вилоят ва туман корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари, Ўзбекистон ва Боғдон маҳалласидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли иштирок этди.

Семинарни туман ҳокими Икром Матиев бошқариб борди. Тадбирда Жиззах вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Жўраев сўзга чиқиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик бугунги куннинг муҳим вазифаси экани, амалга ошириладиган ишлар халқ фаровонлигига, турмуш даражасига бевосита таъсир этувчи муҳим омил эканини таъкидлади. Шу мақсадда тумандаги Ўзбекистон маҳалласидаги 21 та, Боғдон маҳалласида жойлашган 1 та кўп қаватли турар жойларни тўлиқ таъмирлаш бошланганини маълум қилди.

Бу уйлар ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган бўлиб, кўп йиллардан буён тўлиқ таъмирланмаган. Аҳоли ушбу ўзгаришларни катта мамнуният билан кутиб олди. Зеро, ҳар бир оила учун уй-жойнинг қор-қировли кунларда иссиқ, хавфсиз, атрофи тоза ва озода, ободонлаштирилган бўлиши муҳим аҳамиятга эга.

Бугун маҳаллаларда бошланган бунёдкорлик ишлари инсон қадрини улуғлаш, унга муносиб турмуш шароити яратиш борасида олиб борилаётган ишларнинг амалдаги исботидир. Бу янги Ўзбекистоннинг маҳалладаги қиёфасидир.

Рашид КАРИМОВ.

***

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг XIII сессиясида “Жиззах вилоятидаги кўп квартирали уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, уларнинг атрофини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш, дренаж тизимини яхшилаш ҳамда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини қийнаб келаётган бошқа муаммоларни бартараф этиш тадбирларига маблағ ажратиш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинган эди. Қарорга мувофиқ шу мақсадлар учун республика бюджетидан ажратилган ссуда маблағлари хисобидан 200 млрд. сўм шаҳар ва туманлар кесимида тақсимланди. Ажратилган маблағларни жойларда аниқ белгиланган мақсадлар учун ишлатилишини назорат қилиш ишчи гуруҳи ҳам ташкил этилди.

Шу кунларда ишчи гуруҳи аъзолари шаҳар ва туманларда бўлиб, қурилиш-монтаж ишларининг бошида турибди.

Вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутати, “Жиззах ҳақиқати” – “Джизакская правда” газеталари бош муҳаррири Баҳодир Назаров туманда ишларнинг ташкил этилишини ўрганиш мақсадида Зафарободга ташриф буюришди.

— Эндиликда чучук сув қувури ва чиқинди сув (канализация) тармоғи бевосита хонадонларга ўтказиб берилади, Хонадонларда ҳароратнинг мўътадил сақланиши учун деворларга тўлиқ базальт қопланмаси ўрнатилаяпти, -деди Ғайрат Қодиров. — Аҳолига қиммат тушмаслиги учун эшик ва деразалар, санитария жиҳозлари, ичимлик суви жўмраги ва раковиналар, иситиш ускуналарини имкони борича ишлаб чиқарувчилардан сотиб олиш лозим.

Вилоят вакиллари халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари билан учрашиб суҳбатлашишди.

—Ҳар бир депутат таъмирга тушган кўп қаватли уйларга бириктирилиб, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришлари зарур. Бу ишлар уларга қулайликлар яратиш, туман марказида шаҳар шароитини яратиш, турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида амалга оширилаётганини билсин, -деди Баходир Назаров.

Туман ҳокими Ғайрат Эшпўлатов барча ташкилотларни таъмирталаб уйларга бириктириб, атрофда ободонлаштириш ишларига масъул этиб белгилади.

Асад МУСТАФОЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *