“СЎҒДИЁНА”НИНГ ЎЙИНИ ҚАЧОН ҚОВУШАРКИН?!

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси жорий йилги мавсуми воҳамизнинг бош жамоаси бўлмиш “Сўғдиёна” учун анча муваффақиятсиз тарзда ўтмоқда. Жамоа 18 та ўйинда атиги 5 марта ғалаба қозонди холос. Турнир жадвалида 11-ўринни банд этган. “Бўрилар”нинг ушбу натижалари клубда қатор муаммолар йиғилиб қолганидан далолат беради. Ваҳолангки, ўтган йилги мавсумда жамоа чемпионат медаллари учун курашган эди.

Ички чемпионатда бир неча йиллардан буён совринли ўринлар учун курашиб келаётган жамоамизнинг натижаларидаги ушбу пасайиш “миллионлар ўйини”нинг Жиззахдаги мухлису мутахассисларининг ҳафсаласини пир қилаётгани бор гап. Ўтган мавсум биринчи давра якуни бўйича учинчи ўринни банд этган жамоамиз бу йилги иккинчи давра баҳсларини экватор чизиғидан пастда бошлашга мажбур бўлди. Кимдир жамоа муваффақиятсизлигига ўйинларда бош мураббийнинг шахсий услуби сезилмаётганини иддао қилса, қайсидир мухлис мавсум бошида кучли трансферлар амалга оширилмаганини қайд этади, яна кимдир мағлубиятларга асосий сабаб сифатида футболчилар орасида уюшқоқлик муҳити йўқлигини келтиради. Дарҳақиқат, “Сўғдиёна”нинг учрашувларини кузата туриб, юқорида келтирилган фикр-мулоҳазалар ўринлимикан деб ўйлаб қоламиз.

Биринчи галда, фикримизча, жамоа яратилган вазиятларни голга айлантириш борасида анчайин оқсамоқда. Келинг, статистик маълумотларга назар ташлайлик. Суперлигада ўтказилган сўнгги 18 учрашувда жиззахликлар рақиб дарвозаси томон ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда 12 та зарба берган бўлса, шуларнинг атиги 4 таси аниқ йўналиш олган холос. Ушбу баҳсларда жамоа 21 та гол уришга эришди. Бу ўтган йилги мавсумнинг айни шу давригача урилган голлардан  9 тага кам. Яъни жамоага хавфли вазиятларни голга айлантирадиган ҳужумчиларнинг маҳорати етишмаяптими ёки жисмоний тайёргарликдаги камчиликлар панд бераяптими?!  Тўғри, клубнинг айни мавсумдаги етакчиси Люпчо Дориев лига тўпурарлари рейтингида пешқадамлардан бири. Бироқ ҳозирча “Сўғдиёна” таркибида суперлигамизнинг энг қиммат легионерининг ўрнини тўлдирувчи кучли ҳужумчи йўқ. Жамоа ўтган йил сўнгида етакчилардан бири Владимир Йовович билан шартномани бекор қилиб хато қилганини энди тушуниб етаётган бўлса ажаб эмас.

Тўғри, бош мураббий Бошкович таркибда маҳаллий ёшларга кўпроқ имкон  бериб, схемага ранг-баранглик қўшишга ҳаракат қиляпти. Деярли барча учрашувларда ҳужумкор услубга таянаётгани мухлисларга манзур бўлмоқда. Аммо ҳужум жараёнида футболчилар бир-бирларини кўп ҳам ҳис қилмаяптилар. Футбол тилида айтганда “ҳужум гармонияси” етишмаяпти. Мақсадсиз тўп узатишлар, ноаниқликлар, олдинги чизиқда ноиложлик ва иштиёқнинг пастлиги кўп кўзга ташланаяпти. Қисқа қилиб айтганда, футболчилар мураббий кўрсатмаларини майдонда ифодалаб бера олмаяптилар. Жамоавий ўйин кўзга ташланмаяпти.

Бу каби жиддий камчиликларни тўлдириш учун клуб раҳбарияти ёзги трансферлар ойнасида анча фаол бўлди. Таркибга “Насаф”дан Рубен Хебай, “Ал-Халдия” (Баҳрайн)дан Филипп Иванович, “Сумгайит” (Озарбайжон)дан Жасур Жалолиддинов ҳамда ОКМКдан Сардор Раҳмонов қўшиб олинди. Биз номини тилга олган юқоридаги ўйинчилар бундан аввалги клубларида ўз етакчилик хусусиятларини кўрсата олган. Албатта, улардан мавсумнинг қолган қисмида ҳам “Сўғдиёна” ғалабаларига муносиб ҳисса қўшишлари кутилганди.

Иккинчи давранинг илк турида жиззахликлар ўз майдонида мамлакатнинг амалдаги чемпиони “Насаф” билан беллашди. Баҳсда “бўрилар” сафига янги қўшилган футболчилар ўзларига билдирилган ишончни оқлашга жиддий бел боғлашди. Альбаниялик ҳужумчи Рубен Хебай жарима зарбасини қойилмақом ижро этиб, гол уришга эришди ҳам. Аммо жамоанинг уринишлари зое кетди, бу сафар ҳам натижа йўқ. “Насаф” ўз услубида – рақиб кучини ўзига қарши ишлатиб, ортиқча тер тўкмай ғалаба қозонди (2:1). Ундан кейинги “Навбаҳор” билан кечган баҳсда ҳам деярли шунга ўхшаш сценарий ва доимий муаммолар қайтарилди – жамоамизнинг самарасиз ҳужумкорлиги яна такрорланиб, дуранг (1:1) билан кифояландик холос.

Суперлига 18-тури доирасида “Машъал”га қарши учрашувда ниҳоят жиззахликлар иккинчи даврадаги илк ғалабасини қўлга киритди (2:0). Лекин ўйинни тўлиқ кузатиб борган мухлис ҳисоб жамоамиз фойдасига бундан ҳам йирик кўриниш олиши мумкинлигини англаган бўлса ажаб эмас. Ҳужумни якунлаш чоғида сўнгги зарбада муваффақиятсизликка учраётган аксар футболчиларимиз бизни ҳам саноқда адаштириб юборишди. “Сўғдиёна”нинг муборакликларга қарши баҳс давомида берган жами 17 та зарбасидан атиги 4 таси аниқ кўриниш олган холос. Яққол голли вазиятлар кўкка совурилаётганининг асосий сабаби бизнингча, омадсизликдан эмас, балки жисмоний тайёргарликдаги камчиликлар йиғиндисидир. Учрашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида ҳам жамоамиз бош мураббийи Иван Бошкович айнан реализациядаги муаммолар ғалабаларга тўсиқ бўлаётганини таъкидлаб ўтди. “Сўғдиёна” бу каби ўртамиёна клубларга қарши баҳсларда қийналмагандек таассурот уйғотиши мумкин, бироқ кучли жамоаларга қарши учрашувларда камчиликлар сувга қалқиб чиқиши табиий. Жамоанинг ўйини қовушмаяпти.

Тўғри, мураббийнинг янги футболчилар билан бир йўналишга тушиб олиши учун озмунча вақт кетмайди. Бироқ мавсум поёнига яқинлашар эканмиз, мураббийдан натижа талаб қилинаётгани ҳақидаги фикрларда жон бор.  

Ўйлаймизки, муаллифлик ёндашувида билдирилган ушбу мулоҳазаларимиз жамоа мутасаддиларига етиб бориб, улар устида таҳлилий-амалий ишлар йўлга қўйилади. Янги харидлар ҳамда мухлисларнинг доимий қўллаб-қувватлови воҳамиз бош жамоасининг ўйинини энди ижобий томонга ўзгартирса ажабмас.

 

Юсуф САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *