Нима учун театр ҳақида танлов эълон қилинганидан сўнг ушбу мақолани ёзишга ўтирдим? Мукофот, совға умиди қанчадан бери ўйлаб юрган, аммо ҳар гал кейинга сурадиган мавзуни олдинга чиқардими? Ахир мен эмасми қариндошлар билан “гап” навбатим келганида уларни анъанавий тарзда уйга эмас, театрга таклиф қилган? Табиийки, маъқуллашмагач, яна дастурхон атрофида жам бўлган, аммо уларни мажбурламаганим учун ўзимдан хафа бўлган ҳам ўзим эмасмидим? Нега касбим қудратидан фойдаланиб, одамларни театрга фаол тарғиб қилмадим? Саволлар бисёр, уларнинг қаршисида виждон лол…
Аслида газета билан театрнинг тақдири бир-бирига ўхшаш. Қачонлардир эътиборлар марказида бўлган, гуллаб-яшнаган тармоқлар бугун Орол денгизи сингари ортга чекинмоқда. Чўнтак билан мустаҳкам боғланган ақл уларнинг маънавий қудратини, жозибасини билса-да, айнан улар учун харж қилишни истамайди, ортиқча деб билади. Маслоу пирамидасининг энг қуйи поғоналарида ўралашиб юриш ақлга қулайроқ. Газета нега керак, ана интернетда ҳамма янгилик. Театрми, ана You Tubeда қанча нарса бор. Очиб томоша қилавер. Аммо ҳаттоки You tubeга етиб бормай, ярим йўлда вайнлар, shortsларга ўралашиб қолаётганимиз недан эканини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Қалб эса зорланиб озиқ сўрайди, унинг кундан кунга дағаллашиб, қотиб бораётганига мия бепарво. Худди Ғазодаги, Ленинграддаги очлик инсонпарварлик инқирозига олиб келганидек, қалбнинг озиққа муҳтожлиги ҳам охир-оқибат фалокат доришига сабаб бўлиши унинг соҳибини асло ташвишлантирмайди.
Ўлиб бораётган туйғулар, интернетда оқиб кетаётган вақтлар, аҳамиятини йўқотаётган тушунчалар…
Болалагимда дадам бизни театрда Насиба Абдуллаеванинг концертига олиб борганди. Ўшанда илк марта театр биносини кўриб, салобати босгани, ганчли деворлар, улкан парда, томошабинлар учун виқорли ўриндиқларни томоша қилиб, соҳибжамол хонанданинг қўшиқларига ҳам қулоқ осмаганим ёдимда. Эртаси куни мактабда мен кўрган театрнинг нақадар улуғвор эканлиги ҳақида тўлиб-тошиб сўзлаганим ҳам. Жиззах вилоят мусиқали драма театри билан илк танишувим ана шундай бўлган эди.
Яқинда ўғлим синфдошлари билан мактаб томонидан спектакль кўришга киришди. Ота-оналар учун очилган гуруҳдаги суратларни кўрарканман, бирорта боланинг кўзида ҳайрат йўқлиги, боламнинг тассуротлари нақадар юзаки эканлигидан ичим зил кетди.
..Замин мўъжизалар берар-у бизга
Эвазига фақат ҳайрат сўрайди.
Шавкат Раҳмон ҳайрат туйғусининг қудратини инсоннинг билишга интилиши, оламни, Роббисини танишга йўли деб билган бўлса, театр ҳам ўз мўъжизалари билан ҳайратларга сазовордир. Аммо бугунги томошабинда режиссёр, актёр, рассом, гримёр, чироқ устаси, саҳна безакчиси, драматург…нинг қанчалаб меҳнатига лойиқ ҲАЙРАТ топилмагани яхши белги эмас. Қачонки тараққиёт санъат билан, маънавият билан уйғун ривожланмас экан, уни таназзул кутаётган бўлади. Бугун ўзбек жамиятида қадрият сифатида нималар тушунилаётганини тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат: машина, уй-жой, тўй, Умра… Маошига ёки топган маблағига биттагина китоб сотиб олувчилар неча фоиз экан? Ёки оилавий театрга борувчилар битта маҳаллада нечта экан? Саволлар бисёр, уларнинг қаршисида виждон лол….

Ҳаётнинг ўзи – театр деймиз. Театрни ибратхона деб атаган жадид бобомиз шу ўринда ҳақиқатда ҳақ. Беҳбудий театр санъатини ривожлантиришда унинг санъатга хос ва ҳаётий кучини тенг баҳолаган. Акс ҳолда бу санъат юртимизда бу қадар оммалашмаган, севилмаган бўларди. Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлганидек, уруш йилларида юртимиз қучоқ очган кўчирилганлар қаторида бутун-бутун театр жамоаларининг бўлганлиги ҳам бу санъат турининг янада ривожланишига ҳисса қўшди. Унгача мавжуд бўлмаган опера ва балет театри, оперетта ривож топди. Жиззах воҳаси ҳам бир асрдан зиёд тарихга эга театри билан ҳақли равишда фахрланади.

Ўтган 105 йил мобайнида Жиззах давлат мусиқали драма театри чин маънода санъат кошонасига айланиб борди. Ёдга олганимдек, концертлар, рассомлар кўргазмалари шу ерда ўтади. Аниқ биламанки, ўзбек тилини тушунган ҳар қандай чет эллик меҳмонни бу даргоҳга мақтаниб олиб кириш мумкин. Чунки актёрларнинг моҳирона ижроси, режиссёрларнинг бой ижодий топилмалари, ҳамкорликда қилинган ишлар ҳосиласи мени ҳеч вақт уялтирмаган.
Ҳа, қалбга ҳам озиқ керак. Қалбга ҳам парвариш керак. Жисм ташқи, қалб эса ботинан мавжуддир. “ Парвона”, “Оқ кема”, “Олтин девор” каби машҳур спектакллар Жиззах театрида ҳам исталганча топилади. Айниқса, сўнгги пайтларда “Ревизор” да сатира, “Аёл”даги лирика, “Герострат”да аччиқ кулгу, “Жиззах қўзғолони”да эрк кураши, “Баҳодир”да адашганлар қисмати бизни ҳаёт ҳақида яна бир ўйлаб кўришга чорлайди. Қалб ҳужайралари уйғонади, милтиллаётган, сўнаётган чўғ алангаланади, энг яхши сўзларни айтгинг, йиғлагинг келади. Бу йиғи муборак, худди Ҳақдан қўрқиб тўкилган кўз ёшдек мукаррам. Агар сизни театрда мижжаларни намлашга нимадир мажбур қилса, билингки сизнинг қалбингиз уйғоқ, сиз ҳали жаннатга даъво қила оласиз.

Рақамли дунёда ҳамма нарсанинг акси интернетда бўлиши керак. “Фейсбукда йўқсан, ҳаётда йўқсан” деган эди бир алломаи журналистика. Шунданми, актёрлар вайнерга, журналистлар ижтимоий тармоқ фаолига, ошпазлар фудблогерга айланиб бораётир. Бу ҳам соҳа ривожига бир жиҳатдан хизмат қилади. Бироқ бир марта театрда спектакль томоша қилган одам ўзи билган, кўрган, яшаган дунёсидан ўзга, юксакроқ олам борлигини идрок этади. Санъатнинг кучи худди шу ерда, инсонни оёқлари тирикчилик ипларига мустаҳкам боғланган ердан баланд осмонга олиб чиқиш, медитациясиз, қанотсиз самога парвоз қилдиришдир. Актёр кўча-куйда бошқалардан ажралиб турмаслиги мумкин, аммо саҳнада у тарихий шахс – ҳоқон, амир ёки алломаи жаҳон; ҳаётда камтар инсон бўлса, саҳнада мешчан, ҳаётда қувноқ бўлса, саҳнада ғамгин, дардманд… Шу маънода актёрларни сеҳргарга ўхшатиш мумкин. Кулойимни бал қироличасига айлантирган сеҳргар каби қашшоқни бадавлатга, гадони шоҳга, ҳаттоки аёлни эркакка айлантира олади. Софокл ва Беҳбудийлар шу сабаб ҳам драматург, ҳам актёр сифатида халқ кўнглига бу санъат турини манзур қилиш устида тер тўкишган. Бугун Жиззах театри чин маънода воҳанинг фахри. Унинг репертуари йил сайин бойиб, тугаллашиб бормоқда. Мен концерт баҳона танишган бу даргоҳ кўз ўнгимда ўз номига муносиб ибратхона бўлишда давом этмоқда. Чеховнинг “Айиқ” ва “Монолог”и, Митровичнинг “Ярим тундаги ўғирлик”и, Ҳ.Аҳмедованинг “Аёл”и, Шароф Бошбековнинг “Зўрдан зўр чиқса”си, Ўткир Ҳошимовнинг “Тўйлар муборак”и, Гориннинг “Герострат”и, Тунжар Жўженўғлининг “Кўчки”си … шу театр жамоаси томонидан саҳна юзини кўрди. Бошқа театрлардан фарқли ўлароқ, кичик шаҳарнинг профессионал ижодий жамоасининг салоҳияти ана шу асарларда юзага чиқди. Жиззах театри ижодий изланиш ва юксалишни параллел олиб бора олди.

Мана, қадрдон театрнинг янги мавсуми ҳам очилиш арафасида. У доим бедор, доим ҳаракатда, изланишда ва ўсишда. Буни билган билади, тушунган қадрлайди, дунёнинг туганмас ташвишлари чангалзоридан сўқмоқ топиб, оиласи билан умрида ҳеч қурса бир марта театрга келади. Гуллар олиб келади. Чипта учун харид қилган пулини миннат қилмасдан залда маданият билан, одоб сақлаб ўтиради. Чиқинди ташламайди, телефонини ўчиради. Бир соатгина дунё ташвишларини унутиб, ўзини актёрлар измига топширади. Ана шунда у трамвай янглиғ йўналишини ўзгартиришнинг тотини, ҳаёт фақат ўзи билган чегаралардан ҳам кенглигини, инсоннинг маънавий имкониятлари чексиз эканини тушунади. Тушунган ондан театрни сақлаб қолиш орқали ўзлигини сақлаб қолаётганини тушунади.
Сен қиладиган ишлар ҳали кўп, театр!
Муқаддас САПАРОВА