ПАХТАКОРДА ЙЎЛЛАР  ТАЪМИРЛАНМОҚДА, ЯШИЛ МАССИВЛАР КЎПАЙМОҚДА

Туман ҳудудида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг узунлиги 152 километрни  ташкил этади.

Туманда транспорт воситалари ҳаракати жадаллиги ошгани сабабли йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида фаол ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда «Жиззах—Пахтакор—Дўстлик—Гагарин» йўл участкасини, шунингдек, Пахтакор тумани орқали ўтадиган М-39 (918 км) автомобиль йўли участкасини таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси кўламини кенгайтириш доирасида белгиланган вазифаларни самарали бажариш мақсадида жорий йилнинг баҳорида туманда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйича тизимли ва мувофиқлаштирилган тадбирлар ташкил этилди. Манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ва буталар экилди.

— Баҳор мавсумида 827 минг дона дарахт ва бута кўчати экиш режалаштирилган эди, — деди туман ҳокими ўринбосари Ойбек АМАНОВ. — Жумладан, 154,1 минг туп кўчат фермер хўжаликлари далаларида, шунингдек, пахтачилик ва ғаллачилик кластерларида иҳота ўрмон минтақаларини барпо этишга мўлжалланган. Жами 883,9 минг туп кўчат экилди, бу режадаги кўрсаткичнинг 106,9 фоизини ташкил этади.

Бундай натижалар туман ташкилотлари, фермерлар ва аҳолининг яқин ҳамкорлиги туфайли амалга оширилди. Яшил ҳудудларни кенгайтириш ишлари келгуси куз мавсумида ҳам давом эттирилади. Натижада туман қиёфаси сезиларли даражада ўзгариб, яқин келажакда экологик вазият янада яхшиланади.

Илҳом ШОДМОНОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *