Жорий йилда вилоятимизда 67,6 минг гектар майдонларда ғўза парвариш қилинмоқда (шундан 49,4 минг гектарини маҳаллий ва 18,2 минг гектарини хорижий ғўза навлари ташкил қилади). Жумладан, синов тариқасида экилган хорижий пахта майдонлари Арнасойда 7,2 минг га, Ш.Рашидовда 7,0 минг га, Дўстликда 12,8 минг га, Зарбдорда 9,1 минг га, Зафарободда 9,0 минг га, Мирзачўлда 11,0 минг га, Пахтакор туманида 11,5 минг гектарга экилиб, парвариш қилинмоқда.

Бу йилги ҳосил учун режадаги 67,6 минг гектар майдонга 4 та районлашган, 3 та хорижий ҳамда 2 та янги ва истиқболли ғўза навлари жойлаштирилди.
Ғўзанинг ўрта ва кечпишар навлари ўрнига янги эртапишар навлар майдони 451 гектарга кенгайтирилди. Пахтадан юқори ҳосил олиш мақсадида йил бошидан бошлаб муҳим агротехник тадбирлар – январь-февраль ойларида майдонларда шўр ювиш, нам суви бериш тадбирлари тўлиқ ўтказилди.
Чигит экиш ишлари 16 апрелгача якунланиб, қишда шўр ювиш ва нам суви бериш ҳисобига тўлиқ майдонларда кўчат бир текис ундириб олинди. Экиш давомида 25 та ҳудудда 537 нафар фермер хўжалигидаги 17843 гектар “оғир ҳудудлар” танлаб олинди ва уларга соҳанинг етук мутахассислари бириктирилиб, чигит экиш алоҳида назоратга олинди.
Вилоятда биринчи марта 90 лик схемадан воз кечилиб, тўлиқ 76 лик схемада чигит экилиши таъминланди, бу билан биз кўчат сонини кўпайтириш ҳисобига қўшимча 25 минг гектар пахта майдонига эга бўлдик.
Бунинг учун, 1383 дона чопиқ трактори, 1323 дона культиватор, 344 дона чигит экиш сеялкаси 76 лик схемага мослаштирилди. Қолаверса, 323 дона якка қатор ва қўшқатор чигит экиш сеялкалари олиб келинди.
Биринчи марта 18,2 минг гектарга хорижий нав чигит экилди, 14,4 минг гектарга Хитойнинг Шинжон технологияси асосида, плёнка остига чигит экилиши таъминлади. Чигит экиш билан бирга гектарига 100-150 килограммдан фосфорли ва 50 килограммдан калийли ўғитлар билан озиқлантирилди.
Ғўза майдонларини кафолатли сув билан таъминлашга эришилди, бунинг учун:
-15 апрелдан 15 майгача “Зарбдор 30 кунлик” эълон қилиниб, 66,6 километр канал тозалаш, 43,2 километрда лоток таъмирлаш, 1646 дона лотокларни алмаштириш ишлари амалга оширилди. Натижада, 27 минг гектар ғўза майдонларининг сув таъминоти яхшиланди.
-512 нафар фермер хўжалигидаги 12852 гектар “сув таъминоти оғир” бўлган ғўза майдонлари аниқланиб, ҳар бир СИУ, ҳар бир фермерга алоҳида масъуллар бириктирилди. Сувни бошқаришда тартиб ўрнатилди, олинаётган сув лимитининг ҳудудлар кесимида адолатли тақсимот қилиш ва навбатлаб суғориш тизими жорий қилинди.
Натижада, ғўза майдонларини тўлиқ 2-3 мартдан суғоришга эришилди. Агротехника тадбирларининг ҳудудларда сифатли ўтказилишини назорат қилиш мақсадида, алоҳида “Оқсоқоллар” гуруҳлари ташкил этилди, мониторинг натижасида аниқланган камчилик ва муаммолар дала шароитида кунлик танқидий муҳокама қилиб борилмоқда.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ўтказган йиғилишда сифатли пахта ҳосили олиш саноат ривожига ҳам таъсир кўрсатиши таъкидланди. Бу йилги иқлим пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига жиддий зарар етказувчи зараркунандаларнинг кўпайишига қулай шароит яратди. Шу сабабли вилоят раҳбари барча фермер хўжаликлар, кластерларда зараркунандаларга қарши курашни бошлаш бўйича топшириқлар берди. Жумладан июль-август ойларида биологик кураш “Долзарб 40 кунлиги” эълон қилинди.
— Ғўза майдонларида зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, 34 та биолабораториялар тўлиқ тизимда ишламоқда, -дейди вилоят ҳокимлиги котибиятининг масъул ходими Сарвар Баратов. — Зараркунандалар “ўчоғи” бўлган ҳудудларда ўргимчакканага қарши 2,4 минг гектарда, кўсак қуртига қарши 60 гектарда кимёвий ишловлар ўтказилди ҳамда 4 марта биологик ишлов берилди.
Бунда ўсимликлар зараркунандалари ва касалликларига қарши биомаҳсулотлар, яъни фойдали ҳашаротлардан фойдаланилади. Лаборатория шароитида кўпайтирилган олтинкўз, трихограмма, бракон сингари энтомофаглар (фойдали ҳашаротлар) далага тарқатилади ва улар зарарли ҳашаротларни еб тугатади.
Шароф Рашидов туманидаги “Ҳукуматой Мирзаалиева” номли МЧЖ абораториясида ҳам иш қизғин.
— Лабораториямизда олтинкўз ҳамда бракон сингари фойдали ҳашаротлар кўпайтирилиб, фермер хўжаликларига етказиб берилмоқда. Ўзимиз пахтазорларга бориб, қанча энтомофаглар зарурлигини аниқлаймиз ва шунга яраша етказиб берамиз, дейди МЧЖ раҳбари Фароғат Набиева. — Энтомофаглардан фойдаланиш биологик кураш қамровини янада кенгайтириш ва органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга хизмат қилади. Фойдали ҳашаротларни лаборатория шароитида кўпайтириш кимёвий воситалардан фойдаланишдан кўра анча арзон тушади.
Биологик кураш усули анъанавий кимёвий усулга нисбатан кўплаб афзалликларга эга. Биринчи навбатда, биомаҳсулотлар хавфсиз ва экологик тоза кураш воситаси бўлиб, инсон организми ва атроф-муҳитга зарар етказмайди. Қолаверса, фойдали ҳашаротлар далага тарқатилгандан сўнг ўз-ўзидан кўпаяверади. Уларни қайта-қайта учиришга эҳтиёж бўлмайди. Таққослайдиган бўлсак, зарарли организмларга қарши кимёвий воситалар билан кураш олиб борилганда маълум муддатдан кейин зараркунандада “мослашувчанлик” (адаптация) ҳолати кузатилади. Бу эса янги турдаги кимёвий воситалардан фойдаланишни тақозо этади. Натижада пестицидлардан қайта-қайта фойдаланиш ёки уларнинг янги, кучлироқ турларига ўтилиши ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, инсон саломатлигига салбий таъсири ошиб боради.
Бир сўз билан айтганда вилоятда ҳоким топшириғи ўз вақтида ва сифатли амалга оширилмоқда. Бу пахта ҳосилининг мўл бўлишидан дарак бераётир.
Асад МУСТАФОЕВ.
Шерзод Эгамқулов (фото).