КАДАСТРДА ОАВ ХОДИМЛАРИ УЧУН ПРЕСС ТУР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

“Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги 937-сонли Қонун ижросини таъминлаш мақсадида Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида юртимиз бўйлаб хатлов жараёнлари ўтказилмоқда.

Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармаси ташаббуси билан ОАВ вакиллари учун пресс тур ташкил этилди.

Дастлаб, бошқармада иш жараёнларида фойдаланиладиган геодезик ва топографик асбоб-ускуналар тақдимоти бўлиб ўтди.

Хонадонларда олиб борилаётган ўлчаш жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида палатанинг масъул ходимлари, журналистлар ва блогерлар Зомин туманидаги “Навбаҳор” МФЙда бўлишди. Шабнам кўчасида истиқомат қилувчи Шокир Абдушукуровнинг хонаданода олиб борилаётган ўлчаш ишларини кузатишди.

– 20 йилдирки шу eqда оилам билан истиқомат қиламан, – дейди хонадон эгаси. – Бугун кадастр ходимлари уйни хатловдан ўтказишди. Кадастр ҳужжатлари билан танишдилар. Ҳовлим 11 сотих ва мен бугунги кунга қадар ер солиғини 6 сотихига қонуний тўлаган бўлсам, қолган 5 сотихига эгалик ҳуқуқи бўлмаганлиги учун уч баравар кўпроқ тўловни амалга ошириб келганман. Кадастр ходимлари менга Қонуннинг моҳиятини тушунтиришди. Ҳеч қандай маблағ талаб қилишмади. Кейинги босқичда эгалик ҳуқуқим тўлиқ таъминланишини билдиришди. Бу албатта, Президентимиз томонидан аҳолининг фаровонлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслардан биридир.

Пресс тур давомида Кадастр агентлигининг Зомин туман бўлими ва филиали мутахассислари билан учрашув бўлиб ўтди. Филиалда ОАВ вакилларига хатлов маълумотларини UZKAD дастурига олиб ўтиш жараёнлари таништирилди.

–  Эгалик ҳуқуқларининг эътироф этилиши фуқароларнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади, –  дейди  Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Санжар Қодиркулов. Уларда ўз уй-жойини қонуний расмийлаштириб олиш ҳуқуқи пайдо бўлади. Жиззах вилоятида 2025 йилда 101 та маҳаллада хатлов ишлари амалга оширилиши белгиланган. Қонун ижроси юзасидан жараёнларга 230 нафарга яқин ходимларимиз сафарбар қилинган бўлиб, бугунги кунга қадар 30 716 та кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилди. Шундан, 28 313 та ҳужжатлар UZKAD дастурига киритилди ва жами 17 244 та объект ҳужжатлари “Эътироф” автоматлаштирилган тизимга ўтказилган. Муҳокамада турган объектлар сони 14 520 тани, эълондагилари 1 307 тани ташкил этади. Олиб борилган хатлов ишлари натижасида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияларида бугунги кунга келиб 316 нафар фуқаронинг уй-жойларига нисбатан мулк ва ижара ҳуқуқлари расман эътироф этилди.

Қонунга кўра, ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан бир марталик тўловни амалга ошириш борасида смс-хабарнома юборилади. Тўловни амалга оширганларга ҳар чоракда Xалқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади.

Тадбир давомида хатлов жараёнининг якуний босқичи ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори билан эътироф этилган зоминлик Қаҳрамон Ғайбуллаевга уй-жойига нисбатан мулк ва ижара ҳуқуқлари расман эътироф этилганлиги ҳужжатлар топширилди.

– Туманда 4300 та хонадон хатлов жараёнларидан ўтди. Ҳозирда бешинчи маҳаллада ишлар давом эттирилаяпти, –- дейди Давлат кадастрлари палатаси Зомин туман филиали раҳбари Фурқат Уралов. – Узоқ йиллар давомида ўзи яшаб келаётган уйини расмийлаштириб олишни ният қилиб юрган ҳалол инсонлар кўп, аммо вазиятдан фойдаланиб, ноқонуний йўллар билан даромад қилишни режа қилиб юрган “уддабуронлар” ҳам йўқ эмас. Юртдошларимизни бундай нопок кимсаларнинг ҳар қандай сўзлари ва ваъдаларига ишонмасликка чақирамиз. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда айрим ҳолатларда кадастр ходимлари хатловга борганда уй-жой эгаларининг хонадонда бўлмаслиги, баъзи фуқаролар кадастр ходимларини уйга киритмаслиги ўлчов ишлари амалга оширилишини чекламоқда. Ҳеч қайси уй эътибордан четда қолиб кетмаслиги учун бир маҳаллада хатлов ишларини якунламасдан бошқа маҳаллага хатловга бориш мумкин эмаслиги белгиланган. Юқоридаги каби ҳолатлар кадастр ходимларининг бир уйга бир неча маротаба такрор боришига, кўп вақт йўқотишига сабаб бўлмоқда.

Тадбир сўнггида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.

Хатлов жараёнлари 2028 йилнинг 1 январигача давом этиши белгиланган.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *