Жиззах ва Навоий вилоятларида 2025 йилги ов мавсумининг очилишига бағишланган семинар ўтказилди.
Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъуллари, Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти, овчилик хўжаликлари ва маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.
Семинар овчилик хўжаликлари, маҳаллий аҳоли ва тегишли ташкилотларни қонун талаблари, ов мавсумининг ташкилий жиҳатлари ва экологик муҳофаза чоралари ҳақида хабардор қилишга қаратилди. Ов мавсумининг очилиш санаси, қоидалар ва чекловлар, ов қуроллари ва усулларидан фойдаланишда қонунда белгиланган нормаларга риоя қилиш тўғрисида маълумот берилди, браконерликка қарши кураш ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Шунингдек, овчилик хўжаликлари ва жисмоний шахсларга рухсатнома олиш тартиби тушунтирилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг 9-моддасига кўра, табиатни муҳофаза қилиш зоналари, қўриқхоналар ва тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган ҳудудларда ов қилиш тақиқланади. Ноқонуний ов қилган фуқаролар базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача (8 миллион 240 минг сўмдан 12 миллион 360 минг сўмгача) миқдорида жаримага тортилади.
Семинар давомида овчилик хўжаликлари ва маҳаллий жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш, рухсатнома бериш жараёнини соддалаштириш учун электрон платформани кенгайтириш каби таклифлар билдирилди.