Бахмал туманининг Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилувчи Ислом Ҳамроев ўзининг 40 сотихли томорқасидан юқори даромад олишга эришмоқда. У 20 сотих майдонда “Ложаин” навли помидор, яна шунча майдонда “Мирзои қизил-228” навли сабзи уруғи экди.
Помидор учун томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. 5000 туп кўчатнинг ҳар тупида ўртача 7-8 кило ҳосил бор. Тадбиркор жами 40 тонна ҳосил олишни хомчўт қилмоқда. Ерни тайёрлашда олти тонна маҳаллий ўғит ва 50 кило аммоний фосфат қўлланилди. Баргидан озиқлантиришда эса Славакиянинг “Ракагумин” органик препаратидан уч маротаба пуркади.
20 сотихдаги сабзидан 10 тонна ҳосил олиш мумкин. Демак, 40 сотихли томорқадан Исломжон жами 250 миллион сўм даромад олмоқчи.
Бундан ташқари, такрорий ва тўқсонбости экинлар экиб ҳам оилавий бюджетга яна қўшимча 100 миллион сўм фойда келтириш мумкинлигини тадбиркор жуда яхши билади. Бугун ҳудудда Исломжон Ҳамроев сингари ҳар қарич ердан унумли ва самарали фойдаланаётган томорқачилар сафининг кенгайиб бораётгани бизни мамнун этди.
Зоир ЭРГАШЕВ.