ВАТАН ИШҚИ БИЛАН ЁНГАН ҚАЛБ

Ҳар бир халқ тарихида ўз умри, меҳнати ва истеъдоди билан эл хотирасида чуқур из қолдирган сиймолар бўлади. Атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли адиб Шароф Рашидов ана шундай тарихий шахслардан биридир. Унинг ҳаёти ва ижодини бирлаштириб турувчи муҳим жиҳатлардан бири – Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик туйғусидир. Бу туйғу шоир шеъриятида юртга садоқат, инсон меҳнати, жасорат ва эзгуликка интилиш каби мавзуларда ўз ифодасини топган.

1917 йил 6 ноябрда Жиззахда таваллуд топган Шароф Рашидовнинг адабий фаолияти ўтган асрнинг 30-йиллари иккинчи ярмида бошланди. “Самарқанд куйлари”, “Ўлкам”, “Орзуимиз” каби асарлари, уруш йилларида эса “Қаҳрим” тўплами унинг ижодий изланишларида муҳим ўрин тутди. Шоир Ватанга муҳаббатни мавҳум тушунча сифатида эмас, балки инсоннинг ҳаёти, орзу-интилишлари ва юрт олдидаги масъулияти билан боғлиқ ҳолда тараннум этди:

Садоқатим нурдай товланур,

Бизга боққан завқ ила Ватан.

Унга менинг муҳаббатим зўр,

Фидо бўлсин унга жону тан.

Мисралардаги “садоқат”, “муҳаббат” ва “жону тан” тушунчалари лирик қаҳрамоннинг Ватанга муносабатини изчил очиб беради. “Нурдай товланур” ташбеҳи садоқатни ёруғлик ва поклик билан боғласа, “Фидо бўлсин унга жону тан” мисраси Ватанга муҳаббатнинг юксак эътиқод даражасига кўтарилганини англатади. Шоир талқинида юртга муҳаббат самимий туйғугина эмас, балки инсоннинг маънавий бурчи ва ҳаётий позициясини белгиловчи қадриятдир.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ватанга садоқат мавзуси шоир ижодида янада кескин руҳ касб этди. 1945 йилда нашр этилган “Қаҳрим” тўпламида даврнинг оғир синовлари, душманга нафрат ва курашчанлик кайфияти акс этди. Қуйидаги мисраларда лирик қаҳрамоннинг қатъий аҳди ифодаланган:

Агар жангдан қайтсам орқамга,

Лаънат ўқинг, яшашим бекор

Бу сатрларда шахсий тақдирни Ватан ҳимояси билан боғлаш, бурчга содиқ қолиш ғояси етакчилик қилади. Қаҳрамон учун ҳаётнинг маъноси юрт олдидаги масъулият билан белгиланади. Шу тариқа шоир жасоратни фақат жанг майдонидаги матонат эмас, балки инсоннинг ўз эътиқодига содиқлиги сифатида ҳам талқин этади.

Шароф Рашидов ижодида Ватан ва халқ мавзуси шеърият билан чекланмайди. “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин”, “Ғолиблар” каби насрий асарларида ҳам инсон тақдири, меҳнат ва ижтимоий ҳаёт масалалари муҳим ўрин тутади. “Кашмир қўшиғи”, “Икки дил достони” каби асарларида эса ёшлик, гўзаллик, муҳаббат ва эзгуликка интилиш каби туйғулар бадиий ифодасини топади. Бу асарлар адиб ижодий оламининг ранг-баранглигини, унинг инсон қалбига ҳам алоҳида эътибор қаратганини кўрсатади. Шунингдек, Шароф Рашидов ижодида Ватанга садоқат ва инсон қалбидаги нозик туйғулар бир-бирини инкор этмайди, аксинча, ижодкор дунёсининг турли қирраларини намоён қилади. “Ватан ишқи”да юртга муҳаббат ва маънавий бурч, “Қаҳрим”да жасорат ва қатъият, “Уялма”да эса соғинч, муҳаббат ва гўзаллик туйғулари етакчилик қилади. Бу асарларни бирлаштирувчи жиҳат – инсон кечинмаларини бадиий ифодалашга, унинг эътиқоди ва ҳиссий оламини очишга бўлган интилишдир.

Шароф Рашидовнинг адабий меросини ўрганиш унинг ижодини тарихий давр билан боғлиқ ҳолда англаш, асарларидаги бадиий образлар ва инсонпарварлик ғояларини кашф этиш демакдир. Зеро, Ватанга муҳаббат ҳам, инсонга меҳр ҳам қалбдан бошланади. Бу туйғуларни сўзда ва ижодда ифодалаш эса адабиётнинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Паризод ТУРОПОВА,

ЖДПУ доценти.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *