Бахмал туманидаги “Ўрмончи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Холиқул ака Эргашев бошқараётган “Мадинабону Аҳмаджон қизи” масъулияти чекланган жамияти боғларида олиб борилаётган ишларни нафақат туманга, балки вилоятга ҳам намуна сифатида кўрсатиш мумкин.
Ўз фаолиятини 2012 йил бошлаган ушбу МЧЖ жамоаси бу қир-адирларга Ойқор тоғи этагидаги булоқ сувини қувурлар орқали олиб келган. Ҳозир 100 гектар майдондаги олмазор боғи яхшигина ҳосилга кириб, баравж ўсмоқда.
Бу ерда 50 нафар доимий, 150-200 нафар мавсумий иш ўрни яратилган. Ҳадемай пишиб етиладиган юқори навли “жереми”, “голден”, “пужир” каби серҳосил олма навлари ҳосилидан дарахт шохлари эгилиб турибди.
Эътиборлиси, Холиқул ака Эргашенинг боғида барча агротехник тадбирлар сув тежовчи технологиялар асосида томчилатиб суғорилади. Боғдорчиликда катта тажрибага эга Холиқул бобонинг айтишича, олмалар йил давомида 17-18 маротабагача дориланар экан. Ҳосилдорлик ҳам ҳавас қилгулик даражада, ҳар гектар майдондан ўртача 35 – 40 тоннадан олма териб олинади. Бу боғларда донаси ярим килолик, баъзилари 850 граммни ҳам ташкил қилувчи олмаларга дуч келдик. Ана шу ҳосилнинг бир қисми экспортга жўнатилса, иккинчи қисми ички бозорга ва учинчи қисми эса махсус омборхоналарга сақлаш учун юборилади.
Туманнинг ўрта ҳудудида ҳам улкан яратиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Белгиланган “йўл харитаси”га кўра, Чувашиядан “Гулливер”, “Краса Меҳери”, “Метеор”, “Пламя” навли 3 минг тонна картошка уруғи олиб келиниши режалаштирилган бўлиб, картошка экин майдони 10 баробарга кўпайтирилади. Лойиҳа қиймати 3 миллиард сўм бўлиб, ҳар гектардан 300 центнердан, жами 30 минг тонна картошка ишлаб чиқарилади ва 250 нафар янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда.
Бугун Бахмал нафақат олмаси, картошка, помидор, мош, нўхат ва аҳоли томорқаларидаги бетакрор таъмга эга қулупнайлари, балки кенг далаларида етиштирилаётган, сифати жиҳатдан дунёда энг яхши деб топилган шифобахш заъфарони билан ҳам жаҳонга танилди. Туманда қиймати 40 миллион доллар бўлган “BMB-opera zafferano” МЧЖ томонидан “Заъфарон ўсимлигини етиштиришни ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш орқали яна 250 нафар янги иш ўрни яратилади.
Туманнинг Туятортар каналидан суғориладиган пастки ҳудудида эса бахмаллик миришкорлар помидор, сабзавот ва ҳатто полиз маҳсулотлари етиштириш борасида ҳам катта натижаларга эришмоқда. Бу ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўзи алоҳида бир катта мавзу.
Зоир ЭРГАШЕВ.