Бахмал туманининг тоғли ҳудудларида туристик зоналарни барпо этиш борасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бугун туманда “Новқа ота”, “Ўсмат ота”, “Боғимозор ота”, “Хўжакўндаланг” каби 10 дан ортиқ зиёратгоҳлар, 68 дан ортиқ археологик ёдгорликлар ва 27 та сой мавжуд. Бахмалнинг 50 фоиз ҳудуди тоғлардан иборат бўлиб, экологик туризмнинг асосий драйвери ҳисобланади.
Айни пайтда, туманда туризм салоҳияти юқори бўлган 9 та қишлоқ бўлиб, дам олувчилар асосан Бойқўнғир, Ўрмончи, Жўм-жўмсой, Данғара, Музбулоқ ва Мўғол қишлоқларига, айниқса жазирама иссиқ бўлган ёз ойларида кўплаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар келиб ҳордиқ чиқаради.
Ўтган 2024 йилда туманга 46 минг 200 нафар хорижий, 203 минг 200 нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилди. Бу ҳудудларга келувчиларни қабул қилиш учун жами 3470 ўринли 547 та жойлаштириш воситаси, 325 та кемпинг, 200 та оилавий меҳмон уйи, 20 та хостел, 1 та меҳмонхона ва 1 та санатория мавжуд.
Бахмалда туризмни янада ривожлантириш бўйича туман ҳокими ўринбосари Баҳодир Зулфиқоров ўтказган тақдимотда бир қатор янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилгани таъкидланди.
Зомин – Бахмал Давлат қўриқхонаси ва унга туташ “Музбулоқ” МФЙ даги “Ғўралос сой” ҳудудидаги 40 гектар майдонда “Baxmal Eco Villige” экотуризм кластери ташкил қилиш режалаштирилгани таъкидланди.
Ушбу кластер доирасида уч юлдузли меҳмонхона, туристик сўқмоқлар, селфи ва пикник зоналари, манзарали томоша қилиш майдончалари, ҳайвонларни масофадан кузатиш ҳудуди, кемпинг, глемпинг, ўтов, экоуйлар ва бошқа турдаги жойлаштириш воситалари ташкил этилиши режалаштирилибди.
2025 – 2030 йиллар давомида денгиз сатҳидан 2 минг метр баландликда жойлашган туманнинг 9 та қишлоғида соғломлаштириш ва туризм марказини бунёд этилиши кўзда тутилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 40 гектар ер майдонда 9 та йирик лотга бўлинган ҳолда, агротуризм, экстремал туризм ва экотуризмни ривожлантириш йўналишида жами 420 ўринли 3 та меҳмонхона, 100 та кичик ҳажмдаги вилла (шале услубидаги) ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этиш режалаштирилган.
Бахмал – ғурури осмон ўпар Моргузар ва Туркистон тоғларидан-да юксакроқ, ориятли, меҳнатсевар, меҳмондўст ва ташаббускор халқи билан нафақат вилоятда, балки Янги Ўзбекистонимизда ўзининг алоҳида ўрнига эга бўлиб бораётган ҳудуддир. Бундай эътирофлар, юрт тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган ҳар бир бахмаллик учун улкан фахр ва масъулият бўлиши шубҳасиз.
Зоир ЭРГАШЕВ