ДЎСТЛИКДА ИЛК БОР МУРАККАБ ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ ЎТКАЗИЛДИ

Кўпчилик ҳали-ҳануз трансплантация амалиёти хорижда ўтказилади, деб ўйлаши мумкин. Ҳаттоки туман миқёсида ҳам бундай мураккаб жарроҳлик ишлари қилинмоқдаки, бу юртимиз тиббиётидаги ютуқларга яққол мисол.

Дўстлик туман ТТБ туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари марказида илк бор буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилди. Зомин туманида яшовчи она 30 ёшли қизига донор бўлди. Жараён муваффақиятли ўтди ва ҳозирда ҳар икковининг аҳволи яхши, асоратлар кузатилмади.

-Илк марта ўтказилган бўлса-да, бу янгиликни марказ жамоаси яхши ўзлаштира олди, – дейди бўлим бошлиғи Ёрқин Ҳамроев.- Амалиётга қадар барча текширувлар Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида ўтказилди. Республика марказидан 3 нафар ва бизнинг муассасадан уч нафар шифокор операцияда қатнашдик. Субординатор Сардор Аброров, қон томир хирурги Камол Ражабов билан ушбу жараённинг нозик ва ўзига хос жиҳатларини бевосита амалиётда ўргандик. Энди мустақил тарзда бундай операцияларни ўтказишга техник, илмий ва тажрибавий жиҳатдан тайёрмиз.

Таъкидлаш ўринлики, бундан 6 ой муқаддам буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти вилоятимизда илк бор Зомин туманидаги худди шу турдаги муассасада амалга оширилган эди. Дўстлик туманидаги амалиёт соҳада бошланган ижобий ташаббуснинг давомли эканини кўрсатиб берди. Шу тариқа мураккаб жарроҳлик операциялари ҳам туманлар даражасида ҳам ўтказилиши таъминланади.

-Дўстлик туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари маркази 2020 йилда ишга тушган бўлиб, Дўстлик, Зафаробод, Мирзачўл, Арнасой ва Пахтакор, Сирдарёнинг Оқолтин туманларига – жами 25 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатади, – дейди туман ТТБ бошлиғи Абдутолиб Абдуфаттоев. – Яқинда 3 ўринли гемодиализ бўлими ташкил этилди. Бу ерда ҳудуддаги ўткир буйрак етишмовчилиги билан оғрийдиган 30 нафар бемор учун хизмат кўрсатилаяпти. Шунингдек, кўкрак бези саратонини эрта босқичда аниқлаш мақсадида маммография ускунаси келтирилди. Яқин келажакда 2 нафар мутахассисни ички аъзолар трансплантологияси бўйича ўқишга юбориш тараддудидамиз. Шунингдек, трансплантацияга қадар ўтказиладиган чуқурлаштирилган текширувларни шу ернинг ўзида амалга ошириш режаси бор. 

Соҳадаги ислоҳотларнинг биринчи босқичи ҳудудий тиббиёт муассасаларини замонавий ускуналар билан таъминлаш бўлса, иккинчи босқичда маҳаллий даражада юқори технологик операциялар ўтказилишига эришишдир. Бунда беморлар марказ ёки хорижда эмас, яшаб турган ҳудудида малакали тиббий хизмат олишлари мумкин бўлади. Маълумотларга кўра, буйрак трнасплантацияси операцияларига эҳтиёж юртимизда 30 мингтани ташкил этмоқда. Беморларнинг ҳаёт сифатини кескин яхшилашга хизмат қилувчи бундай амалиётларнинг маҳаллий даражага тушиши Янги Ўзбекистоннинг энг қувонарли ютуқларидан бири.

 

Муқаддас САПАРОВА,

Ш.ЭГАМҚУЛОВ олган суратлар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *