“ЯШИЛ ЖАМОАТ ПАРКИ” ҚУРИЛИШИ БОШЛАНДИ

Апрель ойида сайтимизда Жиззах шаҳрида йирик “Яшил жамоат парки” қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Кеча Ўратепалик маҳалласи ҳудудида 13,6 га майдонда ушбу боғнинг қурилиш ишлари бошланди.

 

Бунёдкорлик ишлари бошланишига бағишланган тадбирда Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов, Жиззах давлат ўрмон хўжалиги бошлиғи Абдукарим Холматов сўзга чиқдилар.

-Вилоятдаги ўрмон хужаликлари томонидан “Менинг боғим” лойихаси доирасида шу йилнинг куз мавсуми давомида “Яшил боғлар” ва “Яшил жамоат парклари” барпо этилади,  – дейди Жиззах давлат ўрмон хўжалиги бошлиғи Абдукарим Холматов. – Биз турган бу жой шаҳарнинг қоқ маркази, аҳоли зич маҳалла ва Жиззах политехника институти оралиғида жойлашган. Мана шу ерда давлат бюджети маблағи ҳисобидан 5 млрд сўм маблағ ҳисобига икки ой муддатда ривожланган шаҳарларга хос манзил пайдо бўлади. Яъни кўнгилочар маскан эмас, китоб мутолааси, сайр ва юриш учун мўлжалланган хиёбон қурилади. Бунда фақат инсонлар эмас, балки ҳашаротлар, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ҳам манфаатлари ҳисоблари олинади. Қурилиш жараёнида экилган дарахтларнинг ҳеч бири кесилмайди, чунки улар баҳорда қурилиш режасига мувофиқ ўтказилган.

         Қурилиш ишлари   “Бўстон-монтаж-таъмир” МЧЖ томонидан амалга оширилади. Бунга қадар Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида худди шундай лойиҳани амалга оширган қурувчилар жамоаси очилиш маросимидан сўнг дарҳол ишга киришдилар. Маҳалла оқсоқоллари, фаоллар, тадбир иштирокчилари учун худойи дастурхони ёзилди ва Қуръон тиловатидан сўнг бунёдкорлик ишларига ривож тиланди.

         Маълумот учун,  Шароф Рашидов тумани “Янгиобод” маҳалласи худудида ҳам 3 гектар майдонда “Яшил жамоат парки” курилади. Бунинг учун Республика бюджетидан 3,2 млрд  сўм ҳамда маҳаллий бюджетдан 1,4 млрд сўм ажратилган.

 

Муқаддас САПАРОВА.

Ш.ЭГАМҚУЛОВ (фото) 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *