МИРЗАЧЎЛЛИКЛАР ҚИШ СОВУҒИДАН ҚЎРҚМАЙДИ

Ёзда ёпинчингни ташлама, қишда ўзинг биласан”, деган нақл бор халқимизда. Дарҳақиқат, бугунги кунда, айнан иқлим ўзгариши муаммоси долзарб бўлиб турган бир пайтда бу саркаш табиатдан ҳар нарсани кутиш мумкин. Ўтган йилларда кузда бошланиб, то қиш ниҳоясига етгунга қадар давом этган аномал совуқдан анча оила жабрланди, иситиш тармоқларида сув совиб, қолиб кетиши натижасида қувурлар ёрилиши кузатилди. Нафақат хонадонларда, кўп квартирали уй-жойларда, ҳатто давлат идораларида ҳам тармоқлар ишдан чиқиб, бинолар иситилмади.

Хўш, иситиш тармоқлари ишдан чиққан пайтда ҳам аҳоли хонадонлари, кўп квартирали уй-жойлар, идора ва ташкилотларда маълум бир ҳароратни сақлаш туриш имконияти борми?

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 22 июлда  вилоятимизга ташрифи давомида  кўп квартирали уйлар ҳолатини кўриб, уларни куз-қиш мавсумига мукаммал тайёрлаш учун бюджетдан 200 млрд сўм маблағ ажратгани ана шу саволга аниқ ва лўнда жавоб бўлди, десак хато қилмаган бўламиз. Чунки бинолар деворлари базальт қопламаси билан иҳоталаштирилса, хоналарда ҳарорат мўътадил салқаб турилади.

Вилоятимизда жами 2448 та кўп квартирали уйлар мавжуд бўлиб, ушбу уйларга ҳудудлардаги 32 та бошқарув сервис компаниялари хизмат кўрсатиб келмоқда. Жорий йилда давлат дастурлари, маҳаллий бюджет, ҳомийлик ва бошқарув сервис компаниялари маблағлари ҳисобидан жами 266,7 млрд сўм маблағга вилоятдаги 1471 та уй-жойларнинг умумфойдаланишдаги майдонлари иш турларига кўра мукаммал ва жорий таъмирланмоқда.

Эътиборлиси, кўп квартирали уйлардаги иссиқлик ва энергия самарадорлигини янада ошириш ҳамда уларни 30 фоизгача иқтисод қилиш юзасидан фасад қисмлари таъмирланаётган уйларнинг 1054 таси (1,1 млн м2) базальт қопламаси билан қопланмоқда. Натижада мазкур уй-жойларда яшовчи 100 минг нафардан кўпроқ фуқароларнинг турмуш тарзи яхшиланмоқда.

Вилоятдаги кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниялари томонидан аҳолига сифатли ва ўз вақтида коммунал хизматлар кўрсатиш юзасидан қатор ишлар амалга оширилиб, уй-жойларда яшовчи мулкдорларнинг турмуш тарзи яхшиланишига эришилмоқда. 24 соат режимда ишловчи авария-диспетчерлик марказлари ташкил этилиб, бошқарув органларида 348 нафар ишчи ҳодимлар фаолият юритмоқда.  

 Жумладан, Мирзачўл туманидаги кўп қаватли уй-жойларни 2025-2026 йилги куз-қиш мавсумига пухта тайёрлаш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ҳамда ободонлаштириш ишлари қизғин давом этмоқда. Мутасадди ташкилотлар томонидан иситиш тизимлари, том қопламалари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларини кўздан кечириш, сифатли ва ўз вақтида бажарилиши доимий назорат остида. Шу билан бирга аҳоли мурожаатлари асосида аниқланган муаммолар эътибордан четда қолмаяпти. Бу борада маҳаллий кенгаш вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

 — Туманимиз ҳудудида 254 та кўп квартирали уй-жойлар бўлиб, куз-қиш мавсумига таёргарлик кўриш мақсадида шундан, 121 та уйнинг фасад қисми базальт қопламаси билан ихоталанаяпти,—дейди Мирзачўл  туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлим бошлиғи Умид Муратов. —Мустақилликда  60 та,  Дўстликда 18 та,  Ғалабада 25 та, Мирзадалада 10 та ҳамда  Боғбон маҳалласидаги 8 та уйлар базальт қопламаси билан изоляция қилиниши режалаштирилган.

  — Бу йилги куз-қиш мавсумида туманимиздаги 5 та маҳалланинг кўп квартирали  уйларининг 179 та кириш йўлакларини таъмирлаш, 363 та электр шитларини ўрнатиш ва таъмирлаш, 242 та тунги ёритиш мосламаларини ўрнатиш, 45 та кириш йўлакларига темир эшиклар ўрнатиш, 156 та кириш йўлагидаги фрамуга ойналарини ўрнатиш хамда 121 та уйга ичимлик суви ва оқава сув тармоқларини хонадонларга улаш мажбуриятини олганмиз,—дейди “Қурувчи Жаҳонгир” бошқарув сервис компанияси бошлиғи Баҳром Ҳакимов. —Бу ишларга соҳа мутахассисларидан ташқари яна қўшимча 450 нафар мавсумий ишчилар ҳам жалб этилган.

—Дарҳақиқат, 1960-1990 йилларда қурилган уй-жойларнинг муҳандислик-коммуникация тизими аллақачон эскириб, ишдан чиққан эди,—дейди Мирзачўл туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош мутахассиси Отабек Ишанқулов. — Айниқса, туманимиздаги  аксарият икки, тўрт қаватли уй-жойлар абгор аҳволда эди. Фуқаролар “Энди қишдан қўрқмаймиз” дейишмоқда. Йиллар давомида коммунал хўжалик билан боғлиқ муаммоларга бу мавсум узил-кесил ечим топилганидан, қишда иссиқ ва шинам хоналарда яшаш учун муносиб шароит яратилинаётгани учун аҳоли давлатимиз раҳбари ва қурувчи-муҳандисларга, бошқарув сервис компаниялари ходимларига  миннатдорчилик билдириб кетишаяпти.

Жорий йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгашининг  қарори билан дастурга асосан Мирзачўл туманига 14 млрд 565 млн сўм маблағ ажратилган.

         Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *