Бир вақтлар гуллаб-яшнаган корхоналар ҳам турли сабаблар билан молиявий аҳволи ёмонлашган ва фаолияти тўхтаб қолган бу корхоналарда ишлаб юрган ишчи-ходимлар ишсиз қолиб, яна даромад манбаи излай бошлашади. Шунингдек, кам қувватли тадбиркорлик субъектлари кутилган натижаларни бермаслиги аниқ.

Илгари хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш орқали тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек Жиззах вилоятида хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июнда “Жиззах вилоятининг ишламай турган ва кам қувватли корхоналари фаолиятини тиклаш ва улардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 352-сонли Қарори эълон қилинди. Мазкур қарорга асосан юзлаб субъектлар фаолияти тикланди ва иш ўринлари яратилди.

Арнасой туманидаги “Аrnasoy asset tex” ҳам дастлаб ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлган кенг тармоқли корхоналардан ҳисобланарди. Унда 200га яқин ишчи-ходимлар меҳнат қилишарди. Аммо бугунги кундаги рақобатга дош беролмади – корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар омборларда қолиб кетди. Бунга сабаб бозор конъюнктураси, талаб ва таклиф чуқур ўрганилмади. Натижада корхона 2023 йилда банкрот ҳолига тушиб қолди. Тумандаги йирик ишлаб чиқариш корхонаси 2024 йилда ҳам фаолият кўрсатмади.
Мамлакат ҳукуматининг қарорига асосан республика “Миллий банк”и мададга келди. Банк таъсисчи сифатида маблағ ажратиб, корхона фаолиятини йўлга қўйди.
— “Аrnasoy asset tex” жорий йилнинг май ойидан бошлаб тўлиқ қувват билан ишлай бошлади,-дейди корхона директори Жамшид Мелибоев. —Ҳозирги пайтда 250 нафар тикувчи ва ишчи-хизматчилар доимий иш билан таъминланди.
Раҳбарнинг айтишига кўра, вилоятдаги барча тикув фабрикаларида малакали тикувчилар етишмас экан. Бундай муаммодан “Аrnasoy asset tex” ҳам мустасно эмас. Лекин корхона учун маҳсулот ишлаб чиқаришда сон эмас, сифат муҳим. Шунинг учун корхона раҳбарияти арнасойлик хотин-қизларни иш билан таъминлаш эътибор қаратган ҳолда Жиззах шаҳри, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманларидан малакали тикувчиларни ишга таклиф қилиб, келишувга мувофиқ уларга барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Уларнинг ишга келиб-кетишлари учун транспорт воситалари ажратилган. Текин тушлик, кечки овқат, иш кийимлари билан таъминланган.
Шунинг билан бирга дуал таълимга асосланган ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда малакавий ўқишлар, устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилган. Янги ишга келган тикувчига албатта тажрибали чевар бириктирилади.
— Маҳсулот сифатини кўтариш мақсадида хомашё асосан Туркиядан олиб келинмоқда. Корхонамиздаги мутахассисларни ҳам Туркиядан таклиф этганмиз. Шунинг учун ишлаб чиқарган маҳсулотларимиз ҳозир пештахтада туриб қолмаяпти, -дейди Жамшид Мелибоев.
Албатта, чиройли, сифатли ва сўнгги русумдаги кийимларни биринчи навбатда юртдошларимиз кийиши керак. Лекин корхона келажаги, иқтисодий муваффақияти бевосита экспорт билан боғлиқ. Корхона ҳисобида инвалюта қанча кўп бўлса, хорижда “қадами” шунча дадил бўлади.
— Яқинда биз илк маҳсулотимизни Россия Федерациясига экспорт қилдик, -дейди корхонанинг экспорт-импорт масалалари бўйича мутахассиси Шохрух Валижонов. — Яна бешта давлат тадбиркорлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Буюртмачилар сони ошиб бормоқда, маҳсулотлар хилма-хиллиги ҳам тинимсиз ўсаяпти.
Корхона раҳбарияти ва таъсисчи мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, тикувчилар сафини кенгайтириш ҳақида бош қотираяпти.
— Янги йилгача тикувчилар сонини 500 нафарга етказишни мўлжаллаяпмиз. Демак, яна 250 та янги иш ўрни яратилади. Биз уларни ишга қабул қилишга тайёрмиз, -деди корхона директори.
Банкдан мадад олган яна бир корхона бизнес оламида дадил қадам ташламоқда.
Асад МУСТАФОЕВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).