Тасаввур қилинг, эрталаб уйғондингиз ва картангиздаги пуллар ўғирланганининг гувоҳи бўлдингиз. Ёки ижтимоий тармоқлардаги профилингиз кимнингдир қўлида. Бу шунчаки тасаввур эмас — бу минглаб инсонларнинг бошидан ўтган ҳақиқат.
Ахборот хавфсизлиги деганда, бизнинг барча шахсий, иш ва молиявий маълумотларимизни ҳимоя қилиш тушунилади. Бугун биз рақамли дунёда яшаяпмиз ва ҳар бир онлайн ҳаракатимизга эҳтиёт бўлишимиз зарур.
Интернетда ҳар бир киритган сўзингиз, ҳатто биргина СМС хабарингиз ҳам кибержиноятчилар учун имконият бўлиб қолиши мумкин. Бу борада эҳтиёткорлик қанчалик муҳим эканини статистикага қараб англаш мумкин — 2024 йилда киберҳужумлар глобал иқтисодиётга 6 триллион долларлик зарар етказди. Шунингдек, ҳар 39 сонияда янги киберҳужум содир бўлади. Бу фақат йирик компанияларни эмас, балки ҳар бир фойдаланувчини хавф остига қўяди. Йўқотган нарсангиз нафақат маблағ, балки ҳеч нимага алишиб бўлмайдиган хотираларингиз, яъни оилавий суратларингиз, фарзандларингизнинг хавфсизлиги бўлиши ҳам мумкин. Шундай экан, биз ҳимояланиш йўлларини ўрганишимиз лозим.
Жумладан, кучли паролларни ишлатиш — ҳар бир аккаунт учун парол яратинг. Паролнинг узунлиги камида 12 та белгидан иборат бўлиши, катта ва кичик ҳарфлар, рақамлар ва махсус белгиларни ўз ичига олиши керак. Фойдаланаётган барча платформаларда ўзгармас, яъни барчасига бир хил паролларни ўрнатиш ҳам хавфсизлигимиз учун тўғри бўлмайди. Шунингдек, икки босичли аутентификация хавфсизлик чорасини фаоллаштиринг, чунки у сизнинг аккаунтингизга киришни фақат сизга керакли бўлган иккита тасдиқлаш босқичи орқали амалга оширади. Масалан, телефон орқали юборилган кодни киритиш. Бу қўшимча ҳимоя қатламини тақдим этади.
Янгиликлар, совға ёки қизиқарли таклифлар кўринишида келган ҳар қандай ҳаволага кирмаслик, шубҳали хабарлардан сақланиш, ҳатто бу хабар энг яқин инсонингиздан келган тақдирда ҳам. Ёки сиз фойдаланадиган банк номидан қўнғироқ қилиб сиздан шахсий маълумотларингиз сўралганда ҳам берманг, банк ходими сиздан ҳеч қачон шахсий маълумотларингизни сўрамайди. Рақамли технологиялар ривожланиб борар экан, янги таҳдидлар ва янги хавф-хатарлар ҳам пайдо бўлади. Бироқ янги технологиялар ёрдамида биз ўз ҳимоямизни янада кучайтиришимиз мумкин. Рақамли дунёда омон қолишнинг ягона йўли – бизнинг эҳтиёткорлигимиз ва билимларимиздир. Ўз маълумотларимизни ҳимоя қилишда ҳар биримизнинг ролимиз катта. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун оддий чоралар кўриш орқали ҳам ўз ҳаётимизни хавфсизроқ қилишимиз мумкин.
Рақамли дунё чексиз имкониятларни тақдим этса-да, у билан бирга муқаррар хавфларни ҳам олиб келади. Ахборот хавфсизлиги – бу фақат технология ёки тизим эмас, балки ҳар биримизнинг онгли танловимиздир. Ўзимизни ҳимоя қилишни ўрганмасак, рақамли олам имкониятдан кўра кўпроқ таҳликага айланиши мумкин.
Анора МАМАТҚУЛОВА.