ТУРИЗМ ФАОЛЛАРИ ЖАМ БЎЛДИ

27 сентябрь – Халқаро туризм куни дунёнинг барча бурчакларида тинчлик элчисига айланган соҳани янада ривожлантириш, чегаралар оша дунё кенгликларини кўриш истагидаги кишилар сафини орттириш масалаларига бағишланган турли-туман тадбирлар бўлиб ўтди. Вилоятимизда ҳам соҳа вакилларининг касб байрамини муносиб нишонлаш ва уларнинг меҳнатини рағбатлантириш мақсадида байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Саҳобиддин Болиев туризм  вакилларини муборакбод этди ва вилоят ҳокимининг ташаккурнома ва эсдалик совғаларини эгаларига топширди. Туризм бошқармаси ходимлари, саёҳлик хизматларини кўрсатишда еткачи тадбиркорлар ҳамда ОАВ вакиллари халқаро сана муносабати билан тақдирланишди.

-Кўп йиллардан буён шаҳримизга келувчи сайёҳлар учун меҳмонхона хизматини кўрсатиб келамиз, – дейди “British House” МЧЖ қошидаги “Bek plus”меҳмонхонаси раҳбари Дилбар Эшонқулова. – 50 ўринли отелда бссейн, тренажер, кутубхона, конференс-зал каби хизматлар мавжуд. 30 дан ошиқ иш ўринлари яратилган. Йил бошидан буён 800 нафарга яқин маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар қўноқ бўлишди. Меҳмонхонада хизмат сифатини ошириш учун яна кўплаб режалар бор. Бугун вилоят ҳокимлиги томонидан тақдирланишимни кичик хизматларимизнинг катта эътирофи деб қабул қилдим. Эътибордан руҳланиб, янада яхшироқ хизмат кўрсатиш, иш кўламини кенгайтиришга бел боғладим.

Тадбирда таъкидландики, кейинги беш йилликда туризм вилоят иқтисодиётининг энг етакчи тармоғига айланади.  Вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизбек Эгамбердиев халқаро алоқаларнинг кенгайиб бораётгани ҳамда меҳмон уйларининг тўғридан тўғри хориж турфирмалари билан алоқа ўрнатаётгани каби ижобий қадамлар ҳақида сўзлади. Галдаги вазифа халқаро фестивал ва йирик шоуларни мунтазам ташкил қилиш орқали халқаро жамоатчилик нигоҳни Жиззахга қаратиш эканлигига урғу берилди.  

Хушовоз хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар даврага янада файз киритди.

Муқаддас САПАРОВА.

Ш.ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *