Жиззах политехника институти майдонида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Жиззах вилоят Кенгаши томонидан тиббиёт муассасалари ходимлари ўртасида спартакиада мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда туманлардан сараланган 15 та тиббиёт ташкилотларининг 200 га яқин ходими мини-футбол, стол тенниси, шахмат ҳамда шашка бўйича беллашувларда ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.

Мусобақалар қизғин ва муросасиз курашлар остида ўтди. Иштирокчилар ҳар бир тўқнашувда ўзларининг чаққон, моҳир ва пешқадамлиги, энг асосийси, шижоатини намойиш этдилар.
– Ходимлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстлик ғояларини шакллантиришда спорт мусобақаларининг ўрни катта, – дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Жиззах вилоят Кенгаши раиси Мелитожи Якубов, – Бу каби беллашувлар ҳам ходимларимизнинг ўз устида ишлашлари учун муносиб туртки бўлди. Энг муҳими, уларнинг жисмоний фаоллиги ошиб, бўш вақтлари мазмунли ўтмоқда. Шу жиҳатларни инобатга олиб бу каби спорт байрамлари ва баҳсларини тез-тез ўтказишга ҳаракат қилаяпмиз.
Якуний натижаларга кўра, мини-футбол бўйича вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Стол тенниси беллашувларида эса республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали ходими Шаҳзод Асқаров ҳамда Пахтакор туман тиббиёт бирлашмаси вакили Дурдона Эрматова ғолиб бўлдилар.

Шахмат баҳсларида биринчи ўрин Дўстлик туман тиббиёт бирлашмаси ходими Ғанишер Махамматов ҳамда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Жиззах вилоят филиали вакили Шоира Музаффаровага насиб этди. Шашка бўйича ўйинларда эса Зарбдор туман тиббиёт бирлашмаси ходими Бахтиёр Абдуназаров ҳамда вилоят юқумли касалликлар шифохонаси вакили Азиза Юлдашева барча рақибларини енгиб, ғолиб бўлдилар.
Ғолиблар медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Юсуф САЙДАЛИЕВ.
Шерзод Эгамқулов (фото).