МАКТАБ –КЕЛАЖАКНИНГ ЭНГ МУҲИМ ПОЙДЕВОРИ

“Ўқитувчи ва мураббийлар” куни олдидан бутун мамлакатимизда муҳим тарихий воқеа Президентимизнинг соҳа ходимлари билан  видеоселектор шаклидаги мулоқоти бўлиб ўтди. Унда видеоалоқа орқали бутун республикамиздан 40 мингдан зиёд устоз ва мураббийлар қатнашди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида ўз ҳаётини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек энг улуғ ишга бағишлаб келаётган барча муаллимларни табриклаб, уларга чуқур ҳурмат-эҳтиромини билдирди.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 сентябрдаги фармонига мувофиқ, таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Улар орасида оддий қишлоқ мактаб ўқитувчиси сифатида менинг ҳам борлигим кўксимга фахру ифтихор бағишлади. Кўп йиллик меҳнатларим юртбошимиз томонидан эътироф этилиб, “Шуҳрат” медали билан тақдирландим.

Давлатимиз раҳбари йиғилишдаги нутқида сўнгги саккиз йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсгани, ялпи ички маҳсулот ҳажми йил якунигача 130 миллиард долларга етишини қайд этди. Ушбу иқтисодий замин асосида ўтган саккиз йилда таълим ва илм-фан соҳасига харажатлар 6 карра оширилиб, 378 триллион сўм маблағ ажратилган. Президентимиз таълим сифатини ошириш, устоз ва мураббийларнинг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолишини таъкидлади. Йиғилишда таълимнинг барча бўғинларини ривожлантириш, ёшлар ва педагоглар учун имкониятларни янада кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар белгиланди.

Давлат раҳбарининг билдиришича, энди давлат ва хусусий боғча тарбиячиларини ишдан ажралмаган ҳолда олий таълимда ўқитиш йўлга қўйилади. Худди Президент мактаблари каби ҳар бир вилоятда “Янги авлод” боғчалари ташкил қилиниб, тарбиячилар илғор педагогик технологияларни ўрганишини айтиб ўтди.

Таълимнинг энг узоқ давом этадиган, ҳал қилувчи босқичи бу – мактаб таълимидир, дея мактаб таълимига алоҳида урғу бердилар. Эндиликда мактаб даврида ўқувчиларнинг қобилиятига қараб касб ёки олий таълимга йўналтириш учун 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий қилинади. Бу орқали ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишига кўра уларни касб-ҳунарга йўналтириш ёки олий таълимга тайёрлаш имконияти яратилади. Шу йўсин, тахминан 400 минг нафар 9-синф битирувчиси техникумларга жалб этилади. Мактабда ўқишни давом эттириб, университетга кириш истагида бўлган ёшлар учун эса фанлар танлов асосида чуқурлаштириб ўқитилади.

Бир сўз билан айтганда, мактабдаги якуний имтиҳон натижалари келажак йўлини белгилайди. Битирувчилар хоҳласа техникумга, хоҳласа олийгоҳга қадам қўйиш имкониятига эга бўлади. Шу тариқа, давлат раҳбари таълим тизимидаги ўзгаришлар ёшлар тақдири учун янги йўллар очишини таъкидлаб, педагогларнинг меҳнатини эътироф этди.

 Мулоқот чоғида Президент касбий таълим масаласига ҳам алоҳида тўхталди. Соҳа учун 2026 йил –ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлиши таъкидланди. Шу мақсадда Касбий таълим агентлиги ташкил қилинади. Агентликнинг асосий вазифаси барча 598 та техникумга янги муҳит олиб кириш ва халқаро стандартларни жорий қилишдан иборат бўлади.

Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, Президентимиз қарорига мувофиқ, мактабларда маслаҳатчи лавозими жорий қилиняпти. Энди улар 7-синфдан бошлаб ўқувчиларни фанларни ўзлаштириши ва касбий қизиқиши бўйича саралаб, 9-синфни битирганида техникумларга йўналтиради. Бундан ташқари, бу йил 11-синфни битириб, олийгоҳга кира олмаган 200 минг ёшлар ҳам техникумларда 3-6 ойлик қисқа муддатли дастурлар асосида касбга ўқитилади.

 – Бу янги ташаббусларимиздан мақсад нима? Ҳар бир болани касб-ҳунар орқали даромадли қилсак, оилаларнинг рўзғори бут бўлади, маҳаллаларда тинчлик ҳукм суради. Ўйлайманки, бундан ота-оналар ҳам рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз мулоқот мобайнида устоз ва мураббийларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш бўйича ҳам қатор ташаббусларни билдирди.

Таъкидланишича, янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади. Келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг шартномаси суммасига 30 фоиз чегирма берилади. Ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит берилади. Келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади. Фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий қилинади. Сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланади. Бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади. Дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади.

Албатта мазкур ислоҳотлар таълим сифатини ошириш, педагогларнинг нуфузини юксалтириш ва уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган. Шу ўринда юртбошимиз ишончини оқлаш, таъкидланган вазифаларни масъулият билан бажариш ҳар бир педагогнинг бурчи деб биламан. Қадам қўйган янги ўқув йилимиз барчага қутлуғ келиб, ҳар бир соҳада ривож ва зафарлар тилайман.

Шуҳрат ЎТАНОВ,

Ғаллаорол туманидаги 24-умумтаълим мактабининг ўқитувчиси.

 “Шуҳрат” медали соҳиби.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *